ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

ИИБ нинг собиқ ходими 9 йил деганда оқланди

ИИБ нинг собиқ ходими 9 йил деганда оқланди

Судма-суд юриш нима эканлигини бошидан ўтказганлар жуда яхши билади. Агарда ноҳақ ҳукм қилинган бўлса-чи? Бунисини энди бир-икки сўз билан таърифлаш ўта қийин. Туну кун ўйланиш, азобланиш, руҳан қийналиш, ариза кўтариб югуришлар, сарсону саргардончиликларнинг охири кўринмайди…

Фарғона вилояти ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси қошидаги аниқ яшаш жойига ва машғулот турига эга бўлмаган шахсларни реабилитация этиш маркази милиционери лавозимида ишлаган Рустамжон Тожибоев Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2011 йил 6 май куни чиқарилган ноҳақ ҳукмидан сўнг нақд 9 йил сарсону-саргардон чопди. Прокуратура, судларнинг эшиги тагида қанчалаб кунларини ўтказди. Аммо “Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди” деганларидек, ниҳоят адолат тантана қилди. Хўш, оддий милиционер Рустамжон Тожибоев нима учун судлангану унинг гарданига қандай айблар қўйилган эди?

Суднинг ҳукмига кўра, у мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, 2010 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўзига ишониб топширилган 24 дона жами 238 минг 543 сўмлик чўян панжараларни С.Маматовга 100 минг сўмга сотиб юбориб, ўзганинг мулкини ўзлаштириш ҳамда моддий жавобгарлигида бўлган товар-моддий бойликларда камомад мавжудлиги аниқланиб, 839 минг 400 сўмлик мулкларни ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилганликда айбли деб топилган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан Жиноят Кодексининг 45-моддаси қўлланиб, 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган.

Р.Тожибоевнинг апелляция шикояти Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Иш материаллари таҳлил қилинганда айблов учун далиллар етарли бўлмасдан ҳукм чиқарилганлиги маълум бўлди.

– Судланувчининг ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳолатларни синчковлик билан текширмай, фақат Р.Тожибоевни айблаш нуқтаи-назаридан бир ёқлама суд тергови олиб бориб, уни мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, давлат бюджети маблағини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилган деб, асоссиз хулосага келган, – дейди судлов ҳайъати иш бўйича вилоят суди судьяси Т.Мирзаев. – Ваҳоланки, сафдор-милиционер зиммасида моддий жавобгарлик бўлмаган. Бунга жавобгар бўлган собиқ ходим бошқа ишга ўтганлиги учун у товар-моддий бойликларни қабул қилиб олган. Мазкур иш юзасидан унинг ҳаракатида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Р.Тожибоевни суд айбсиз деб топиб, реабилитация қилишни лозим топди.

Бир инсон йиллар давомида ҳаракат қилиб, ўзининг ноҳақ айбдор бўлганлигини исботлади. Оқлов ҳукми чиқарилиб, ҳаловат топгандек бўлди. Аммо унинг шу даврда йўқотган соғлигини, вақтини қайтариб бўлармикан...?

3 028
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА