Ифторлик эгалари ИИБ ходимларини калтаклади
Бу ҳақда ЎзАга Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маьлум қилди.
Бу ҳақда ЎзАга Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маьлум қилди.
Шеробод тумани Балхигузар маҳалласида яшовчи пенсионер Боқи Деваров ўғиллари Ибрагим ҳамда Эргаш Деворовлар билан бирга мамлакатимизда ўрнатилган карантин қоидалари ҳамда Президентимизнинг 2020 йил 20 апрелдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига зид равишда 14 май куни ўз хонадонида қўни-қўшни ва қариндош-уруғларини тўплаб ифторлик ўтказаётганида қўлга тушган.
Бу шахслар 30 кишини яшаш уйига жамлаб, соат 20:30 ларда ифторлик бераётгани туман ИИБ, Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими ва маҳалла раиси Қ.Алимардоновлар томонидан аниқланган.
Ҳолат бўйича Шеробод тумани ИИБ ходимлари Б.Деваров ва унинг оила-аъзоларига юртимизда карантин давом этаётгани тушунтирилиб, ифторлик ва жамоат бўлиб намоз ўқиётгани ҳамда карантин қоидаларини бузганлиги учун маъмурий тартибда ҳужжатлар расмийлаштирмоқчи бўлганида, Б.Деваровнинг оила-аъзолари ва ифторликка келган қариндошлари ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатади. Қўлларидаги нарса ва буюмлар билан калтаклай бошлайди. Шеробод тумани ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспектори, лейтенант Муродали Холиқов бошқарувидаги “Тико” русумли автомашинага тош отиб, автомашинанинг ойналарини синдириб, жиддий шикаст етказади.
Жанжал жараёнида лейтенант М. Холиқов “бўйин ва чап қўл билак соҳаси тирналиб шилиниши” ва бошқа тан жароҳати олган.
Шундан сўнг воқеа жойига Шеробод туман ИИБ “Тергов-тезкор гуруҳи” ходимлари борганида, уларга ҳам Б.Деваровнинг фарзандлари ва қариндошлари қаршилик кўрсатиб, туман ИИБ навбатчилик қисмига тегишли автомашинанинг ойна ва кузовларига арматура ҳамда тошлар билан уриб, бу автомашинага ҳам шикаст етказган. Шунингдек, туман ИИБ раҳбариятидан масъул бўлиб, воқеа жойига “Тергов-тезкор гуруҳи” таркибида келган Шеробод тумани ИИБ бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, майор Ўктам Шукуровга ҳам “ўнг қўл билак пастки учлиги шилинган жароҳатланиши” каби тан жароҳати етказилган.
Муборак Рамазон ойида юз берган хунук бу воқеа жойига вилоят ИИБ ТВБСО, ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони ходимларидан иборат қўшимча куч чақирилиб, улар ёрдамида Б.Деваровнинг яшаш хонадонига борилганида Э.Деворов 1,5 метр узунликда бўлган арматура бўлаги билан тўсатдан Сурхондарё вилояти ИИБ ТВБСО иккинчи ишғол қилиш гуруҳи катта сержанти Сержант Собировнинг бош қисмига уриб, “бош мия очиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, ўрта оғир даражаси, бош, пешона тепа суягининг очиқ майдаланиб ботиб синиши” каби жароҳат етказган. Сурхондарё вилояти ИИБ ТВБСО иккинчи ишғол қилиш гуруҳи катта мутахассис-кинологи, кичик сержант Абдулла Қаршиев ,“бош мия чайқалиши, чап юқори қовоқ ва пастки лаб соҳасининг қўпорилиб, йиртилган жароҳати” каби тан жароҳатлари олиб, Шеробод тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Жанжал вақтида шунингдек, фуқаро Э. Деваров “бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши” ташхиси билан Шеробод тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган
Ҳодиса содир бўлган вақтда лейтенант М.Холиқов, майор Ў.Шукуров, катта сержант Ш.Собиров ва кичик сержант А.Қаршиевлар хизмат вақтида, хизмат кийимида, ҳушёр ҳолда бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Э.Деваров ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.