Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 16:54 Чоп этиш версияси

Қидирувдаги 26 жиноятчи ушланди

Мамлакатимизда ҳар ҳафта пайшанба куни ўтказилаётган профилактика тадбирлари жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда юксак самаралар бермоқда.

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 14 сентябридан 21 сентябрига қадар вилоятда содир этилган 135 жиноятнинг 116 таси тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида фош этилган. Ҳафта давомида қидирувда юрган 26 шахс ушланган.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятларларнинг аксарияти фуқароларнинг арзимаган жанжали туфайли содир этилаётгани ачинарлидир.

Олмалиқ шаҳрида бир фуқаро таниши билан спиртли ичимлик истеъмол қилиб, жанжаллашиб қолади. Жаҳл чиққанда, ақл кетади, деганларидек, ўткир тиғли жисм билан шеригининг қорин қисмига тан жароҳати етказиб, воқеа жойидан яширинади. Жабрланувчи оғир тан жароҳати билан Олмалиқ шаҳар марказий шифохонасига ётқизилади.

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида ушбу жиноятни ҳудудда яшовчи пенсионер фуқаро содир этгани аниқланди. Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Ўрта Чирчиқ саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси кеч соат 22.45 да ҳудудда жойлашган 16-мактабгача таълим муассасаси ёнидан уйига кетаётганда номаълум шахслар уриб, электрошок ускунаси билан унга тан жароҳати етказади. Жабрланувчининг ёнида бўлган 100 минг сўмлик қўл соати, 1 миллион 200 минг сўмлик қўл телефонини олиб, воқеа жойидан ғойиб бўлади.

Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида жиноятчилар қўлга олинди. Оҳангарон туманида яшовчи ўсмирлар томонидан содир этилган ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Қуйи Чирчиқ тумани ички ишлар бўлимига туманда яшовчи фуқаро 1 бош қорамоли ўғирлангани юзасидан мурожаат қилган.

Ушбу жиноят Тошкент шаҳри ва Қуйи Чирчиқ туманида яшовчи шахслар томонидан содир этилгани аниқланди. Жиноятчилар қўлга олиниб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари, корхона-ташкилотларда ўтказилаётган учрашувларда бу каби ҳуқуқбузарликлар содир этилганда зудлик билан ички ишлар органлари ёки бошқа тегишли ташкилотларга хабар бериш лозимлиги тушунтирилмоқда. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш, унинг олдини олишга нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки кенг жамоатчилик вакиллари, ҳар бир фуқаро масъул экани таъкидланмоқда.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
1 279






Все о погоде - Pogoda.uz