ЎзА Ўзбек

13.08.2018 18:34 Чоп этиш версияси

Ичкиликбозлик – иллат

Ичкиликбозлик – иллат
Кечки пайт ёш жиянлари билан айланиб юрган аёлга оёғида зўрға турган бир маст киши чайқала-чайқала: "Ўҳ-ҳу, болажонлар билан ночной прогулками?" деди ғўдраниб. "Турқинг қурсин, алкаш!". Ҳар қанча паст овозда айтилмасин, ҳалиги маст бу гапларни эшитди ва сўкина бошлади. Оғзидан ади кириб, бади чиқаётган эркакнинг ўшқиришидан болалар ҳам, аёл ҳам қўрқиб кетди. "Амма, шу билан айтишманг, юринг, кетайлик", деди болалар... 

Миллий ўзлигимизга мутлақо зид ва бегона бўлган бундай ароқхўрлик исканжасидан халос бўлолмаётган кимсалар ҳамон орамизда борлиги ачинарли ҳол, албатта. Очиғи, бу иллат одамзотнинг хулқ-атвори, маънавияти, дунёқараши, энг муҳими, саломатлигига жиддий путур етказишини ҳаётнинг ўзи аллақачон исботлаб бўлган. Шишадаги тилсиз оғу неча-неча оилаларни емириб, тақдирларни ёмон томонга ўзгартириб юборгани, кимларнидир муқаррар ҳалокатга элтгани ҳам бор гап. 

Шукрки, биз ичкиликка муккасидан кетган халқ эмасмиз. Бироқ бу нарсага ружу қўйганлар, бу йўлда адашганларнинг хатти-ҳаракати кўпчиликни ташвишга солмоқда, жамиятимиз ривожига тушов бўлмоқда. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда кечки соат 21:00 дан кейин спиртли ичимлик сотишни тақиқлашга оид билдирилаётган амалий таклифлар кенг жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. 

– Азалий қадриятларимизда ҳалол ва ҳаром, деган тушунчаларнинг чегараси аниқ белгиланган, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Эргаш Даминов. – Инсонни эс-ҳушидан, ақлу тафаккуридан бегона қиладиган ҳар қандай нарсанинг иллат экани кундек равшан. Алкоголь сотишни чеклаш, уни муайян вақт чегарасида тизимга солиш ташаббуси кўпгина кўнгилсизликларнинг олдини олиши шубҳасиз. Масаланинг иккинчи томони – кечки пайт оила даврасида катталар фарзандлари кўз ўнгида қадаҳ уриштириб ўтириши бола тарбиясига ҳам, маънавиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши муқаррар. Унинг ўрнига ота болаларига қизиқарли китоб ўқиб берса ёки бирор ҳикматли воқеани сўзласа, боланинг феъли-атвори, тарбиясига нечоғли ижобий таъсир кўрсатади. Биз – қалбида иймони собит халқмиз. Шу маънода ўзимизни, фарзандларимизни, уларнинг келажагини турли иллатлардан омон сақлаш ҳар бир ота-онанинг бурчидир. 

– Ичкиликдан ҳали ҳеч ким барака топмаган, – дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги "Янгиобод" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Манзура Валиева. – Кечки пайт спиртли ичимликлар билан савдо қилмасликка оид ташаббусни барча тўла қўллаб-қувватлайди. Зеро, бу ташаббус оилалар бузилишининг олдини олишда, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини янада кучайтиришда, фуқароларнинг ўз юрти, оиласи, фарзандлари учун масъулиятини оширишда, ёшлар тарбиясини тўғри йўлга қўйишда ғоят муҳим қадам бўлади. Жамоатчилик саъй-ҳаракати билан маҳалла ҳудудига яқин жойлардаги тунги кафелар, дискотека клублари ишига барҳам бердик. Алкоголь савдоси вақтини тартибга солишга оид ижобий таклиф-ташаббус оилалар, ёшлар, қўйингки, уни истеъмол қиладиганлар учун ҳам, энг муҳими, жамият ва келажак учун фақат ва фақат наф келтиради. 

Дарҳақиқат, спиртли ичимлик савдосини кечки пайт тақиқлашга оид ташаббус кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу эса фарзандлар тарбияси, оилалар тотувлиги, жамиятдаги ўзаро аҳил ва ҳамжиҳатлик муҳитининг барқарорлиги билан чамбарчас боғлиқдир. 

Назокат Усмонова, ЎзА
6 335