ЎзА Ўзбек

07.02.2020 Чоп этиш версияси

Ички туризмга йўл: кам таъминланган ўқувчилар учун пойтахтга саёҳат ташкил этилади

Ички туризмга йўл: кам таъминланган ўқувчилар учун пойтахтга саёҳат ташкил этилади

Жиззах вилояти хокимлиги, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Марказий ҳарбий округ ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши маърифат” деган эзгу ғоя тарғиботига бағишланган “Ёшлар ва ҳарбийлар форуми” ўтказилди.

Ёшлар инновацион марказида ташкил этилган форумда таълим муассасалари ёшлар бошланғич ташкилотлари етакчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари, уюшмаган ёшлар иштирок этди. Тадбир доирасида йиғинда инсонпарварлик, тинчлик ва дўстлик мавзуларига алоҳида эътибор қаратилди.

Форумда ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларидан 100 нафарини Тошкент шаҳридаги “Турон” кутубхонаси, “Амир Темур музейи”, “Тошкент сити” ҳамда “Қуролли кучлар музейи”га саёҳатини ташкил этиш бўйича таклиф маъқулланиб, сафарни шу ойда амалга ошириш белгиланди.

Тадбир давомида Жиззах шаҳар маданият бўлими ҳамда Жиззах гарнизони оркестр жамоаси иштирокида ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар ижро этилди.

Тадбир сўнгида фаол иштирок этган ёшларга вилоят ҳокимлиги ва ёшлар иттифоқи томонидан китоблар жамланмалари совға қилинди.

– Ҳарбийлар иштирокида ўтказилаётган бундай маърифий тадбирларда ёшлар катта қизиқиш билан иштирок этишаётир, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Эштемир Исматов. – Юртимиз тинчлигини кўз қорачиғидек асрайдиган, керак бўлса жонини фидо қиладиган ҳарбийлар жасорати мамлакатимиз ёшлари учун ҳақиқий маънодаги намунадир. Ёшларнинг истак ва интилишларини ҳисобга олиб ҳудуддаги ҳарбий қисмлар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда бундай тадбирлар мунтазам ўтказиб туришга эътибор қаратаётирмиз.

11 726
Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА