ЎзА Ўзбек

19.09.2018 14:32 Чоп этиш версияси

Ички ишлар вазирлигининг Жиззах академик лицейи – ғолиб

Ички ишлар вазирлигининг Жиззах академик лицейи – ғолиб

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида “Бахтиёрлар диёри” кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ёшлар иттифоқи, Республика Маънавият ва маърифат маркази вакиллари, профессор-ўқитувчилар, санъат намояндалари, ўқувчи-ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ғоя ва истеъдодларини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш борасида самарали ишлар қилинаётгани таъкидланди.

“Бахтиёрлар диёри” кўрик-танловининг илк босқичлари жорий йилнинг апрель-май ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар миқёсида касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказилган эди.

Мазкур кўрик-танловда Самарқанд темир йўл транспорт касб-ҳунар коллежи, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи, Олмалиқ қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи, Тошкент педагогика коллежининг жамоалари юқори натижалар кўрсатиб, республика якуний босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Танловда иштирокчилар “Табаррук даргоҳ“, “Аждодларга муносиб авлодлармиз“ ҳамда “Бахтиёрлар диёри“ шартлари бўйича беллашиб, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзлари таҳсил олаётган таълим муассасаларидаги янгиланишлар хусусида фикр ва мулоҳазаларини баён этди.

Танлов якунида биринчи ўрин Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи, иккинчи ўрин Тошкент педагогика коллежи, учинчи ўринлар Самарқанд темир йўл транспорт касб-ҳунар коллежи ҳамда Олмалиқ қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи жамоаларига насиб қилди.

Ғолибларга диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
1 181