ЎзА Ўзбек

06.08.2018 20:04 Чоп этиш версияси

Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2018 йил 27 июль куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалалари юзасидан ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқларни ижрога қаратиш мақсадида, кеча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Бобожонов раислигида Вазирлик Ҳайъатининг видеоселектор тарзидаги навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходимлари, Бош прокурор 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Отабек Муродов, шунингдек, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг раҳбар ходимлари, ҳудудлардаги прокурорлар ва ички ишлар органлари бошлиқлари иштирок этдилар. 

Мажлисда сўнгги йилларда шахсан Президентимизнинг ташаббуси билан ички ишлар органларида ўтказилаётган тарихий аҳамиятга эга кенг қамровли ислоҳотларнинг барчаси тизимни аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходим «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилганлиги, шу мақсадда, ўтган даврда фаолиятнинг барча йўналишлари танқидий қайта кўриб чиқилиб, замон талабларига мос равишда такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги, чинакам халқпарвар ички ишлар органларини шакллантириш нуқтаи назардан куч ва воситаларнинг асосий қисми қуйи тизимларга ўтказилиб, аҳолига имкон қадар яқинлаштирилганлиги ва бу ишлар ҳозирда ҳам босқичма-босқич давом эттирилаётганлиги қайд этилди. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасидан маълум қилишларича, жорий йилнинг олти ойи давомида ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчиликнинг ўсишига йўл қўймаслик чоралари кўрилиши натижасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан республика бўйича жиноят содир этиш ҳолатлари 13 минг 599 тага ёки 38,67 фоизга, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар эса 8 минг 568 тага ёки 38,86 фоизга камайган. 

Йиғилишда Президент раислигида 27 июль куни ўтказилган мажлисда кўтарилган муҳим масалалар, шу жумладан “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати” тизимини амалиётга кенг жорий этиш масаласига алоҳида тўхталиб, содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятларни фош этиш ва жазо муқаррарлигини таъминлашда қонунийлик, адолатлилик ва тезкорлик принциплари устуворлигини сўзсиз таъминлаш, ортида инсон тақдири бўлган ҳар қандай жиноятга, унинг оғир-енгиллигидан қатъи назар, катта эътибор билан ёндашиш ва унинг чин сабабларини аниқлаб, бартараф этиш чоралари ўз вақтида таъминланиши лозимлиги таъкидланди.

Айрим ҳудудларда оила-турмуш доирасидаги ва вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятлар сони юқорилигича қолаётганлиги сабаблари юзасидан вилоят ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ахборотлари тингланди. 

Оила-турмуш, қариндошчилик ва қўни-қўшничилик муносабатларида келиб чиқаётган келишмовчиликлар қотиллик, тан жароҳати етказиш каби ўта оғир ва оғир жиноятларни келтириб чиқариш ҳолатлари барча ҳудудларда ҳам кузатилаётганлигини ҳисобга олиб, уларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятни келтириб чиқариши мумкин бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар маҳалла, хотин-қизлар қўмитаси, ёшлар ташкилотлари, масъул давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан яқин ҳамкорликда ўтказилмаётганлиги, муқаддам судланганлар билан профилактик ишлар талаб даражасида олиб борилмаётганлиги қайд этилди.

Йўл-транспорт ҳодисалари, айниқса инсон ўлими билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларнинг самарасизлиги, йўл белгиларини хатловдан ўтказиш, уларни замонавий қопламали йўл белгилари билан алмаштириш борасидаги ишларни ташкиллаштиришда йўл қўйилаётган камчиликлар бўйича раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди. 

Шунингдек, жойларда мулкий турдаги жиноятлар, ўғирлик ва фирибгарликларнинг олдини олишда мақсадли ва манзилли тадбирлар ўтказишга

Эътибор берилмаётганлиги таъкидланди. Йиғилишда қўриқлаш хизмати йўналишида амалга оширилаётган ишлар талабга жавоб бермаётганлиги, аҳоли хонадонлари, ташкилот ва корхоналар қўриқловга олиниши юзасидан тарғибот ишлари суст олиб борилаётганлиги юзасидан эътирозлар билдирилди. 

Оммавий ахборот воситаларида “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати” тизимига бағишланган махсус рукнлар ва телерадиоматериаллар тайёрлашни ташкил этиш ва аҳолига етказиш орқали жиноятчиликка қарши муросасизлик муҳитини янада мустаҳкамлашга қаратилган таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Мажлисда ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган секторларда Президент ва Ҳукумат ҳужжатларида белгиланган вазифалар тўлақонли бажарилмаётганлиги ҳам танқидий муҳокама қилинди. 

Вазирлик Ҳайъатида ички ишлар органлари тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш масаласи ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Барча бўғиндаги ходимларнинг хизмат фаолияти устидан кундалик идоравий назоратни кучайтириш, улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг келиб чиқишига чек қўйиш, шахсий таркиб орасидаги маънавий-руҳий муҳитни соғломлаштириш ва тартиб-интизомни мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар бўйича қарор қабул қилинди. 

Йиғилишда фаолиятни самарали ташкил этиш, шахсий таркиб ўртасида қонунчилик ва хизмат интизомига риоя этилишини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва қуйи тизим органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Жорий йилнинг ўтган даврида ходимлар томонидан содир этилган салбий ҳолатлар муҳокама этилиб, уларнинг келгусида содир этилишини олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш бўйича топшириқлар берилди. 

Шунингдек, Тошкент шаҳрида жорий этилган “Хавфсиз пойтахт” концепцияси жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда самарали механизм сифатида ўзини оқлаётганлиги қайд этилиб, мазкур концепция доирасидаги чора-тадбирларни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам сифатли ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. 

Йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Отабек Муродов ўз маърузасида ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган қатор қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлашда жойларда жиддий камчиликларга йўл қўйилаётганлигини баён қилиб, уларнинг айримлари бўйича бажарилмай қолаётган тадбирларни танқидий муҳокама қилди, ушбу ҳужжатларнинг ижроси устидан назорат бундан буён янада кучайтирилишини, барча бўғиндаги раҳбарлар ижро интизомига қатъий риоя этишлари, фармон ва қарорларда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашлари зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, мажлисда шу кунларда Ички ишлар вазири генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ички ишлар органларининг фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги фаолиятини текшириш давомида аниқланган камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.

Ушбу текширувлар ҳақида муқаддам ИИВ томонидан батафсил маълумот берилган эди.

Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан мазкур вилоятлардаги ҳар бир ходимнинг соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли англаб етганлиги ва уларни ҳаётга татбиқ этишдаги дахлдорлик ҳисси, фуқаролар билан белгиланган тартиб-таомиллар доирасида мулоқотда бўлиши ва фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликларнинг туб сабаблари атрофлича таҳлил қилиниб, эгаллаб турган лавозимига нолойиқ, бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган, ҳануз эскича иш услубида хизмат қилаётган, ўз устида ишламасдан, фуқароларнинг манфаати йўлида жонбозлик кўрсатмаётган раҳбар ва ходимлар интизомий жазога тортилганликлари яна бир бор таъкидланди.

Ҳайъатнинг навбатдан ташқари мажлиси кун тартибига қўйилган кейинги масалалар, хусусан “Пахта-2018” мавсуми даврида жамоат тартибини сақлаш, ёнғин ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш ҳамда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма етти йиллигини нишонлаш тадбирларига тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш даврида хавфсизлик чораларини белгилаш масалалари ҳам кўриб чиқилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. 

ЎзА
8 317