ЎзА Ўзбек

14.06.2018 21:36 Чоп этиш версияси

Ички ишлар вазири: Афв – инсонпарварлик ифодаси ҳамда самарали институтдир

Ички ишлар вазири: Афв – инсонпарварлик ифодаси ҳамда самарали институтдир
Ҳаётимизда янги институт сифатида намоён бўлган афв этиш принципи замирида қонунийлик ва адолат мужассамлаштирилган. Зеро, бу жараёнда чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятни билиб-билмай содир этган, тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларгина Президент томонидан афв этилади. 

Ўзбекистон тарихида илк марта 2017 йил декабрь ойида Бош қомусимизнинг 25 йиллиги муносабати билан афв этишга оид Президент фармони қабул қилинган бўлса, бундай яна бир ҳужжат 2018 йил 12 июнда муборак Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилинди.

Афв этишга оид фармонлар ижроси, унинг самарали жиҳатлари ҳақида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат БОБОЖОНОВ билан суҳбатлашди.

– Аввало, афвнинг асл моҳиятига тўхталиб ўтсак. Чунки кўпчилик афв ва амнистия тушунчаларининг фарқини билмаслиги мумкин, – дейди П.Бобожонов. – Боиси, илгари мамлакатимизда ҳар йили амнистия актлари қабул қилинган. Амнистияда аввал жиноятлар тоифаси белгиланиб, кейин эса ана шу жиноятлар тоифасига тушадиган шахслар аниқланган.

Албатта, амнистия жиноят содир этган одамларни кечириш бўйича муҳим механизмлардан бири. Бироқ, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, олдиндан чуқур ўрганмасдан туриб жавобгарликдан озод қилишни белгилаш қилмишига пушаймон бўлмаган, етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахслар ҳам амнистия доирасига кириб қолишига сабаб бўлган. Бу эса амнистияга тушган кимсаларда жазони ҳис этмаслик, бизга ҳамма нарса мумкин, деган нотўғри кайфиятнинг шаклланишига олиб келган.

Энг ёмони, амнистияни қўллашда жабрланган тараф ва жамоатчилик фикри инобатга олинмаган, бу эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган. Шунинг учун, афсуски, амнистия бўйича озод қилинган шахслар томонидан қайта жиноят содир этиш ҳолатлари кўпроқ учрагани сир эмас.

Ана шу ҳолатларни инобатга олган ҳолда давлатимиз раҳбари томонидан бу соҳада янги ислоҳот олиб бориш вазифаси қўйилди. Шунга асосан маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш бўйича махсус комиссия, ишчи гуруҳлар тузилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали уларнинг шахсини ўрганиб чиқди.

Ўрганиш жараёнида маҳкум томонидан содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, унинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жиноят натижасида етказилган моддий зарарнинг қопланганлиги ва бошқа оқибатларнинг бартараф қилинганлиги, маҳкумнинг шахсини тавсифловчи маълумотларга, унинг ёши, соғлиғининг ҳолати, оилавий аҳволи, жазонинг содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мутаносиблигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, жабрланганлар ва жамоатчиликнинг, жумладан, маҳкум яшаган маҳалла вакилларининг фикрлари ҳам атрофлича ўрганилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўтган йил декабрь ойида мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахслар афв этилди.

Илк афв этилган шахслар жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилиб, ўз уйи, оиласи бағрига қайтганига қарийб олти ой бўлди. Қувонарли томони шундаки, Президент томонидан кечирилган ҳар бир шахс ўзига билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қилгани, жамиятда ўз ўрнини топганидир. Улар орасида қайта жиноят содир этган шахслар деярли учрамагани бунинг яққол тасдиғидир.

– Президентимизнинг шу йил 12 июндаги “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони моҳиятига тўхталиб ўтсангиз.

– Афв этишга оид фармон мамлакатимиз тарихида иккинчи марта эълон қилинган бўлса ҳам муборак Рамазон ҳайити муносабати билан илк марта қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилди.
Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларнинг муборак Рамазон ойида янада юксак намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир.

Афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

– Фармон қабул қилинганидан сўнг унинг ижросини таъминлаш муддати 24 соат этиб белгиланган. Ижро билан боғлиқ жараён ўз вақтида тўлиқ таъминландими?

– Дарҳақиқат, афв этилганлар шахси аниқлиги учун ҳам фармон ижроси учун қисқа вақт белгиланган. Амнистия акти уч ой ва ундан кўпроқ вақтда амалга оширилган бўлса, афв этилган шахслар бир кун ичида ўз уйига қайтмоқда.

Қайд этиб ўтиш керакки, афв этилган шахсларнинг 102 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниши, 71 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши, 39 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилиши, бошқача қилиб айтганда, 212 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилиниши, шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилиши белгиланган эди. 

Афв этилганларнинг 40 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 39 нафарини чет эл фуқаролари, 37 нафарини аёллар, шунингдек, 51 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этди.

2018 йил 13 июнь куни фармон ижроси тўлиқ якунига етказилди. Энг аввало, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган аёллар колониясидан афв этилган хотин-қизлар озодликка чиқарилди.

Сир эмас, аёл ким бўлишидан қатъи назар, у она, оила бекаси. Афв этилганларнинг салмоқли қисмини хотин-қизлар ташкил этгани ҳам уларга бўлган эътибор намунаси. Бундан баҳраманд бўлган опа-сингилларимизнинг қувончи чексиз бўлганига ижро жараёнида гувоҳ бўлдик. Тошкентлик Зарифа Қўлдашева муборак рамазон ойида афв этилгани, хатосини тўғрилаш учун имкон берилганидан давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдор бўлганини таъкидлади. Самарқандлик Малоҳат Қаландарова муборак кунларда мени интизор кутган яқинларимнинг бағри тўлади, соғинган фарзандим она меҳрига қонади, бунинг учун Президентимизга минг бор ташаккур, дейди. У мамлакатимизнинг ривожи йўлида бор куч-ғайрат билан хизмат қилишга ваъда берди. 

Шу каби бошқа жазони ижро этиш муассасаларида ҳам фармон ижроси тўлиқ таъминланиб, афв этилган шахслар оиласи бағрига қайтди. Ҳозирда уларни ижтимоий мослаштириш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, ишга жойлаштириш каби чора-тадбирларга киришилди. 

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг афв этиш тўғрисидаги фармони қанчадан-қанча кўнгилларга шодлик, оилаларга ҳаловат ва рўшнолик улашди. Бу чинакам инсонпарварлик намунаси, юксак бағрикенглик ифодасидир.

ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди
7 636