ЎзА Ўзбек

09.09.2019 Чоп этиш версияси

Ички ишлар органлари ходимларининг малакасини тизимли ва самарали амалга ошириш – давр талаби

Ички ишлар органлари ходимларининг малакасини тизимли ва самарали амалга ошириш – давр талаби

Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашда ички ишлар органлари ва уларнинг самарали фаолияти ҳал катта аҳамиятга эга. Айни пайтда, шиддат билан ривожланиб бораётган давр талаби барча соҳалар сингари, ички ишлар органлари ходимларидан ҳам тинимсиз ўқиб-ўрганишни, ўз устида ишлашни, билимини доимо ошириб боришни тақозо қилади.

Бу борада Давлатимиз Раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 
2018 йил 23 августдаги “Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни кунларда ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан Андижон ва Сирдарё вилоятларидаги туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг ташкилий бўлим (бўлинма)лар бошлиқлари, жиноят-қидирув бўлимлари тезкор вакиллари, тергов бўлинмаларининг терговчи ва суриштирувчилари, хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари таҳлил ва мувофиқлаштириш бўлинмалари ходимлари учун малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.

Президентимиз томонидан илгари сурилган “Ўз Ватанини, она халқини равнақ топтириш учун ўзини аямасдан меҳнат қилиш: бу – жасорат ва мардлик, бу – она юртга муҳаббат ва садоқат, бу – тўғри тарбия ва амалий намуна” эканлиги мисоллар орқали тушунтириб берилмоқда.

– Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти томонидан ташкил этилган навбатдаги сайёр ўқув йиғини касбий билимларимизни янада мустаҳкамлаб олиш учун имкониятдир, – дейди Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлинмаси катта тезкор вакили, майор Сардор Ўринбоев. – Ўтказилаётган ўқув машғулотларида соҳага оид миллий қонунчиликдаги янгиликларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини, уларни амалга ошириш механизмларини, давлат ва нодавлат ташкилотлар, фуқаролар йиғинлари билан ўзаро ҳамкорликни тўғри ташкил этиш йўлларини ўрганмоқдамиз.

Айни пайтда, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишда, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда “ҳудудлар тажрибаси”ни, хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидаги ижобий тажрибаларни соҳа ходимларига етказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан дарсларнинг замонавий педагогик технологиялар ва ўқитишнинг интерфаол усулларидан фойдаланган ҳолда ўтказилаётганлиги машғулотларнинг қизиқарли ўтишини таъминламоқда, – дейди Сирдарё вилояти Ховос тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси катта терговчиси, катта лейтенант Сирожиддин Қўзиев. – Эндиликда олдимизда турган асосий вазифа сайёр ўқув йиғинлари мобайнида олган билимларимиз келгусидаги хизмат фаолиятимизни самарали ташкил этишда қўл келади.

photo_2019-09-08_19-43-02 (2).jpg

photo_2019-09-08_19-43-02.jpg

photo_2019-09-08_19-43-03 (2).jpg

photo_2019-09-08_19-43-03.jpg


ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати.

3 793
ЎзА