ЎзА Ўзбек

31.08.2018 18:38 Чоп этиш версияси

Ички ишлар ходимларига давлат мукофотлари топширилди

Ички ишлар ходимларига давлат мукофотлари топширилди
Президент фармони билан Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида 12 нафар ички ишлар ходими мамлакатимизда жамоат хавфсизлиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, хизмат бурчини бажариш ва миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишда мардлик ва жасорат кўрсатгани ҳамда ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси учун давлат мукофотига сазовор бўлди.

Ички ишлар вазирлигида ана шу мукофотлар ўз эгаларига тантанали топширилди.

Тадбирда ички ишлар вазири П.Бобожонов мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, диний экстремизмга қарши курашиш ички ишлар органлари ходимларининг энг асосий вазифаси экани, шунинг учун юртимиз тинчлигини асрашда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш кераклигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 августдаги "Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

33.JPG

Бугунги кунда ички ишлар ходимлари томонидан аҳоли, айниқса, ёшларни турли иллатлардан ҳимоя қилиш, терроризм, экстремизм, одам савдоси каби жиноятларнинг олдини олиш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

– Мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ишига ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси тезкор-қидирув фаолияти кафедраси бошлиғи, II даражали “Шон-шараф” ордени соҳиби Абдували Ҳамдамов. – Бу ишончни оқлаш, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги, фарзандларимиз келажагини ҳимоя қилиш учун бор кучимни сарфлайман.

Ички ишлар вазирлигининг буйруғига кўра, бир гуруҳ ички ишлар ходимларига полковник унвони ҳам берилди, “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари ва пул мукофоти билан тақдирланди.

Даврон Суннатов, ЎзА
6 004