ЎзА Ўзбек

09.11.2018 10:22 Чоп этиш версияси

Ички ишлар ходимлари саломатлиги доимий эътиборда

Ички ишлар ходимлари саломатлиги доимий эътиборда

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тиббиёт бўлими госпиталига жорий йил якунига қадар қиймати 80 минг доллар бўлган рақамли рентген ускунаси келтирилади.

Шунингдек, муассасага 15 миллион сўмга умуртқа чурралари ва остеохондрозни даволашда қўлланиладиган қурилма харид қилиниши режалаштирилган, дейилади вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот мультимедиа гуруҳи берган хабарда.

Жорий йилнинг 29 майида фаолият бошлаган ушбу госпиталга УЗИ ва физиотерапия ускуналари, клиник лабораторияга анализатор харид қилиниши режалаштирилган.

Авваллари вилоят ички ишлар бошқармаси тизимида госпиталнинг йўқлиги соҳа ходимлари ҳамда фахрийларга баъзи қийинчиликларни туғдиргани рост. Даволанувчилар бошқа вилоятларга боришга тўғри келар эди.

– Капитал таъмирдан чиқарилган 40 ўринли мазкур тиббий муассасада сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар мавжуд, – дейди госпиталь бош шифокори, подполковник Икром Суяров. – Малакали шифокорлардан иборат жамоа шакллантирилган. Шифохона замонавий тиббий ускуна ва анжомлар, шошилинч тиббий ёрдам машинаси билан таъминланган. Шифохонани янада кенгайтириш мақсадида қўшимча таъмир ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Муассаса ҳовлиси ободонлаштирилиб, соябон ва фавворалар ўрнатилади. Бу ишлар, албатта, даволанувчиларнинг соғлигини тез тиклашга хизмат қилади.

Госпиталда йил якунигача 400 нафар ички ишлар ходимлари ва соҳа фахрийларининг соғлигини тиклаш кўзда тутилган.

Икром Аввалбоев, ЎзА​​
975