Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.05.2018 17:38 Чоп этиш версияси

Ичимлик суви муаммоси қачон ечим топади?

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан “Минтақа сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларидан фойдаланишни такомиллаштириш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Мамлакатимизда 97 та ер ости суви конлари аниқланган бўлиб, улардан 19 тасининг ҳосил бўлиш зонаси қўриқланадиган табиий ҳудудлар тоифасига киритилган.

Кейинги йилларда республикамизнинг сув танқис жойларида аҳолини марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги пайтда 69 та шаҳар, 335 та посёлка ва 2 902 та қишлоқ аҳоли пункти эҳтиёжлари ер ости сувлари захиралари ҳисобига қондирилаётир. Аммо бу муаммо тўлалигича ўз ечимимни топгани йўқ.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 майдаги “2017-2021 йилларда ер ости сувлари захираларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва ҳисобга олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ичимлик суви таъминотини мақсадли дастурлар асосида амалга ошириш белгиланган.

Соҳадаги тадқиқот натижалари ўрганилиб, ер ости сувларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш, уларнинг захираларини янада кўпайтириш, камайиб кетиш ва ифлосланишдан муҳофаза қилиш, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш бирламчи вазифалардан этиб белгиланди.

Анжуманда ер ости сув ресурслари ва захираларининг ўзгаришини башоратлаш, техноген босим таъсири кучайиши ва ер ости сув конлари ҳосил бўлиши шароитини ҳисобга олган ҳолда, ер ости ичимлик суви конларининг ҳозирги ҳолатини баҳолаш борасида қилинаётган ишлар таҳлил этилди. Янги, истиқболли чучук ер ости сувлари участкаларини қидириб топиш, конларга салбий таъсир кўрсатувчи манбаларни аниқлаш, чучук сув захиралари ҳолатини мониторинг қилишнинг оптимал тармоғини ишлаб чиқиш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
4 277