ЎзА Ўзбек

14.09.2020 Чоп этиш версияси

Иброҳим Йўлдошев: Конференция халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади

Иброҳим Йўлдошев: Конференция халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади

Душанбе халқаро конференцияси дастурида икки давлат ўртасидаги маданий алоқалар масаласига кенг ўрин ажратилган. Хусусан, айни пайтда давом этаётган “Маданий алоқаларнинг жорий ҳолати ва истиқболи” мавзусидаги шўъба йиғилишини Ўзбекистон санъат ва маданият институти ректори Иброҳим Йўлдошев ва Тожикистон Миллий фанлар академияси Аҳмад Дониш номидаги Тарих, археология ва этнография институти Бош илмий ходими, тарих фанлари доктори Баҳринисо Қобилова бошқариб боришяпти. ЎзА мухбири фурсат топиб, филология фанлари доктори, профессор И.Йўлдошевнинг анжуманнинг аҳамияти, мақсад ва вазифалари ҳақидаги фикрларини ёзиб олди.

- Ўзбек ва тожик халқларининг азалий дўстлиги сўнгги йилларда юқори суръатда мустаҳкамланиб бораётганидан барчамиз масрур ва мамнунмиз. Мен Тожикистонга илк бор 1972 йил, 8-синфда ўқиб юрган кезларимда келгандим. Ҳозир гувоҳи бўлдимки, бугунги Тожикистон кечаги Тожикистон эмас. Туб ислоҳотлар натижаси ўлароқ, бу қардош мамлакат янги қиёфа, кўркамлик касб этибди. Табиати янада гўзаллашиб, инсонлар учун яратилаётган қулайликлар, шарт-шароитлар бисёр бўлибди.

Мавлоно Жомий ва Ҳазрат Навоийдан мерос дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ниятида тиклана бошлаган анъаналар бардавомлиги барчамизни хушнуд этмоқда. Жомий ва Навоийга хос устоз-шогирд муносабати, бир-бирига содиқлик бобидаги намунаси, қондош, жондош ўзбек ва тожик халқларини янада яқинлаштирди. Навоий Жомийни эҳтиром айлаб, “Хамсатул-мутаҳаййирин”ни яратди. Устозининг эзгу амалларини фахр-ифтихор туйғулари ила келажак авлодга баён этди. Бундай буюк, ибратли фаолият барчамиз учун ўрнакдир. Ишончим комилким, келажакда ўзбек ва тожик халқлари дўстлиги янада кучаяди, ҳар иккала халқнинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаёти яхшиланади. Эзгу орзу-умидлари ҳам кўпаяверади.

Кутилганидек, мазкур илмий-амалий конференция доирасида икки давлат ўртасида санъат ва маданият соҳасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга оид долзарб масалаларни тожикистонлик ҳамкасбларимиз, соҳа фидойилари билан бирга ҳар томонлама муҳокама қилиб олдик. Музокара якунида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда Мирзо Турсунзода номидаги Тожикистон давлат маданият ва санъат институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Олдинда умумий режаларимиз кўп. Биргаликда амалга ошириладиган, санъат ва маданиятнинг азалий ва асосий мақсади бўлмиш эзгуликни тарғиб қилишга қаратилган қўшма лойиҳаларимиз икки халқни бир-бирига янада яқинлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

6 026
Ғ.ХОННАЗАРОВ ёзиб олди, ЎзА