Иброҳим Абдураҳмонов: “Тарихий Мурожаатномани амалга ошириш учун бир ёқадан бош чиқаришимиз керак!”
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 24 январдаги Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномаси тарихий воқеа бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 24 январдаги Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномаси тарихий воқеа бўлди. Президентимиз маънавиятга, тарбияга ва илм олишга алоҳида урғу берди. Шунингдек, олдимизда машаққатли йўл турганини айтиб, барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради, деб таъкидлади.
Илмга, билим олишга интилиш ва бирлашиш Мурожаатноманинг асоси бўлди, садоқат, Ватанни севиш, маърифатга ва тарбияга катта эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари 2020 йилни Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилар, олдимизга қатор вазифаларни қўйди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги илм-фаннинг барча йўналишини қамраб олган. Вазирлигимиз илм билан шуғулланувчи олимлар ва тадқиқотчиларга шароит яратиб бериши зарур. Илм оламан, олий маълумотли бўламан деган одам борки, барчасига шароит яратилиши керак. Албатта, бу жуда машаққатли, чунки катта марраларга эришиш ҳеч қачон осон бўлмаган.
Президентимиз Мурожаатномада учта устувор йўналишни белгилаб берди: булар – математика, кимё-биология, геология фанларидир. Нима учун айнан шу йўналишларга алоҳида эътибор берилмоқда? Сабаби бу соҳаларда аввалдан илмий мактабларимиз бўлган, улар ҳозир ҳам сақланиб қолган. Юртимиздан мана шу соҳалар бўйича дунёга танилган олимлар чиққан. Улар яратган мактаблар йўқолиб бораётгани сабабли Президентимиз бу мактабларни тиклаймиз, уларни ривожлантирамиз деган вазифани қўйди.
Аслида, айнан қайси йўналишларга кўпроқ эътибор қаратилиши керак, қайси соҳаларни ривожлантиришимиз керак деган масаланинг ўзи қийин. Ахир илм-фаннинг турли йўналишларида фаолият юритаётган олимларимиз бор. Шундай бўлишига қарамай, илк бор давлатимиз раҳбари шу уч йўналишда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга шарт-шароит яратиб берилишини белгилаб берди.
Нима учун математика? Чунки математика рақамли иқтисодиётнинг асоси. Рақамли технологиялар эса барча соҳаларнинг ривожи учун керак, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, ҳатто геология соҳасида сунъий йўлдош орқали қазилма бойликларни аниқлашда, мудофаа соҳасида, маданий меросимизни ўрганишда ҳам рақамли технологиялар керак. Дейлик, қадимги қўлёзмалар рақамлаштирилгандан кейингина уларни олимлар ўрганиши ёки кенг оммага тақдим этиш имконияти пайдо бўлади. Акс ҳолда асрлар давомида сақланиб келган қўлёзмалардан айрилиб қолишимиз турган гап. Ҳар қандай ахборотни сифатли ва тезкор етказиб беришнинг асосида рақамли технологиялар ётади.
Шунингдек, инновацяларнинг юраги ҳам рақамли технологиялардир. Бундан ташқари, айнан рақамли иқтисодиёт шаффофлик ва ошкораликни таъминлайди, коррупциянинг олдини олади. Президентимиз Мурожаатида “ҳалоллик вакцинаси” деган иборани қўллади. Назаримда, айнан рақамли технологиялар, сунъий интеллект айни даврда ҳалоллик вакцинаси бўлиб хизмат қилади. Жорий йил рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилишининг ўзи коррупцияга, эринчоқликка, лоқайдликка, борингки, хоинликка қарши “вакцина” бўлишига умид қиламан. Яна илм-маърифатнинг ўзи ҳам табиий “ҳалоллик вакцинаси”дир, негаки маърифатли, билимли одам ҳаромга аралашмаслигига ишонаман.
Шу ўринда илм, маърифат, рақамли технологияларни ривожлантиришга эътибор бир кунда шаклланмаганини таъкидламоқчиман. Бу жараёнга давлатимиз уч йил тайёргарлик кўрди. Шу пайтгача юртимиз фарзандлари учун ахборот технологиялари, математика, физика, астрономия, биология соҳаларида чуқурлаштириб ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактаблар, иқтидорли ўқувчилар учун Президент мактаблари очилди. Илм-фанга эътибор кучайтирилди. Фан докторлари, номзодлари, университет ўқитувчиларининг маошлари оширилди. Уларнинг илм-фан билан шуғулланиши учун шароит яратилиб, илмий лойиҳалар учун ажратиладиган грант маблағлари суммалари бир неча бараварга ортди.
Илмий лабораториялар замонавий ускуналар билан таъминланмоқда, ёш олимлар хорижда стажировка ўтаб келмоқда. 2020 йилдаги вазифаларимиздан бири илм-фанни молиялаштиришни 0,2 фоиздан 0,8 фоизга кўтариш. Бунда биз нафақат бюджет маблағлари, балки хорижий ташкилотларнинг имтиёзли кредитлари, хусусий сектор маблағларидан фойдаланишни режалаштирганмиз. Шунингдек, жорий йилда ҳудудларда илм-фанни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Энди пойтахтдан ташқарида фаолият юритаётган олимлар учун ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиб, бажарилади.
Бугун Ўзбекистонда 3G лабораториялар фаолият юритмоқда, 2020 йили 5G миллий лабораторияларини ташкил этамиз. Бу лабораториялар пойтахтда эмас, юртимизнинг турли шаҳарларида барпо этилади. Илм-фаннинг янги йўналишларини юртимизда ривожлантириш борасида ишларни ҳам амалга оширишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, илмий тадқиқот институтлари ва марказларининг халқаро аудити ўтказилади.
Буларнинг бари Президентимизнинг Мурожаатномасидан келиб чиқиб олдимизга қўйилган вазифаларнинг бир қисми холос. Олдимизда “Инновацион фаолият” ва “Стартаплар” тўғрисидаги қонунларни ишлаб чиқиш вазифаси ҳам турибди. Мурожаатдаги ишларни бажаришимизда олимлар, тадқиқотчилар, ихтирочилар, стартапчилар, инновацион тадбиркорлик билан шуғулланишга бел боғлаган бизнес вакиллари билан ҳамкорлигимиз мустаҳкамланиши ҳам жуда муҳим.
Зиммамизга қўйилган вазифаларни амалга оширишда Ватанимиз ва халқимиз олдида юзимиз ҳамиша ёруғ бўлсин!
Иброҳим Абдураҳмонов,
Инновацион ривожланиш вазири