ЎзА Ўзбек

25.03.2020 Чоп этиш версияси

Қибрайлик фуқаро 2 миллион сўмдан ортиқ миқдорда жарима тўлайдиган бўлди

Қибрайлик фуқаро 2 миллион сўмдан ортиқ миқдорда жарима тўлайдиган бўлди

Бугунги кунда ОАВ вакиллари ва блогерлар томонидан Чирчиқ дарёси муҳофаза зонасида ноқонуний чиқиндихоналарнинг юзага келгани, ишлаб чиқариш корхоналари, хусусий тадбиркорлар, оддий фуқаролар томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларига риоя этилмаганлиги юзасидан мурожаатлар, ижтимоий тармоқларда хабарлар берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси маълум қилишича, мазкур муаммони самарали ҳал этиш мақсадида Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Чирчиқ дарёсининг муҳофаза зонасида жойлашган объектлар хатловдан ўтказилган.

photo_2020-03-25_13-08-29.jpg

Хатлов натижаларига кўра, Тошкент вилояти Чирчиқ дарёсининг 250 метрлик муҳофаза минтақасида жойлашган объектлар сони 2652 тани (ишлаб чиқариш ва автотранспорт корхоналари, дала ҳовлилар, ошхона ва ресторанлар ва бошқалар) ташкил этади.

Бугунги кунга қадар қўмита тизимидаги давлат инспекторлари томонидан рейд тадбирлари ташкил этилди. Хусусан, Қибрай тумани “Чингелди” МФЙ ҳудудида Чирчиқ дарёсига номаълум шахслар томонидан ноқонуний равишда тўкиб кетилган (тахминан 50 та машина) қурилиш ва маиший чиқиндилар тозаланиб, 1 гектарга яқин майдонда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ушбу ишларни амалга оширишда “Тошвилйўлсаноат” АЖ ва “Автойўл” АЖнинг техникалари жалб этилди.

Худди шу каби Қибрай тумани “Роҳат” МФЙ ва Юқори Чирчиқ тумани “Болта” МФЙ ҳудудларида Чирчиқ дарёсининг 2 километр масофасида чиқиндилардан тозалаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Рейд давомида Қибрай туманидаги “Ҳақиқат” МФЙ ҳудудида фуқаро Е.А. томонидан ЗИЛ автомашинасида қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойга ташлаганлиги аниқланиб, МЖтКнинг 91/1-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида (669 000 сўм) маъмурий жарима қўлланилди. Шу билан бирга, “Тузел” МФЙ ҳудудида фуқаро Н.И.нинг ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олиш ҳолати аниқланиб, МЖтКнинг 70-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдорида (2 223 000 сўм) жарима қўлланилди.

Рейд тадбирлари давом этмоқда.

1 668
ЎзА.