ЎзА Ўзбек

15.08.2018 20:06 Чоп этиш версияси

Қибрайда янги марказ

Қибрайда янги марказ Тошкент вилояти Қибрай туманида “Аёллар ижтимоий мослашув маслаҳат маркази” иш бошлади.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида туман тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган мазкур марказ фаолият бошлаши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда “Қайноналар кенгаши“ жамоатчилик тузилмаси раислари, онахонлар, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар, фаол хотин-қизлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёллар соғлиғини тиклаш, бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

– Хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларга руҳий ва тиббий кўмак кўрсатиш, оиладаги келишмовчиликларни бартараф этиш, ажралишлар ва ўз жонига қасд қилиш каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда бу каби марказлар фаолияти айни муддао бўлмоқда, – дейди Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси О.Парпибоева. – Бундай марказлар жазони ўташ жойларидан қайтган, турли сабабга кўра оиласидан узоқда бўлган аёллар бандлигини таъминлаш, уларни соғлом турмушга қайтаришга ҳам кўмаклашади.

Барча қулайликларга эга ушбу марказда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, оиласида зўравонликка дуч келган хотин-қизларга эндиликда 24 соат давомида руҳий, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

Аваз Худойқулов, ЎзА
5 118