ЎзА Ўзбек

07.09.2019 Чоп этиш версияси

Қибрайда яна бир маҳалла биноси фойдаланишга топширилди

Қибрайда яна бир маҳалла биноси фойдаланишга топширилди

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши, туман ҳокимлиги масъуллари, маҳалла фаоллари иштирок этди.

Мамлакатимизни барқарор ривожлантириш, аҳоли турмуши фаровонлигини ошириш, уларнинг бугунги яшаётган кунидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан яшашини таъминлашда маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

13.JPG

Маҳаллалар жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма ҳисобланади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда дунёда ўхшаши бўлмаган мазкур тузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2019 йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеqини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонлари муҳим дастуриламал вазифасини ўтаётир.

Мазкур фармонга мувофиқ, фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳалар ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), уларни зарур мебель, компьютер, алоқа воситалари ва интернет тармоғи билан таъминлаш вазифаси белгиланган. Ушбу вазифа ижросини таъминлаш юзасидан Тошкент вилояти, хусусан Қибрай туманида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

20.JPG

18.JPG

– Туманимизда 88 та фуқаролар йиғини фаолият юритади, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қибрай тумани кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Х.Авазматов. – Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги ва жорий йил 2 апрелдаги тегишли фармони талабидан келиб чиқиб, айни пайтга қадар уларнинг 35 таси таъмирланди. 2 та фуқаролар йиғинининг биноси реконструкция қилинди.

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги олдидан “Дўстлик” маҳалласининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Шунингдек, аксарият маҳаллаларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Жорий йил якунига қадар яна 11 тасининг биносини таъмирлаш режалаштирилган.

“Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинида 670 дан ортиқ оилада 3 минг 300 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ташкил этилганига қарийб 70 йил бўлаётган мазкур фуқаролар йиғини айни пайтга қадар ҳудуддаги эски бинода фаолият юритиб келаётган эди. Президентимизнинг жорий йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони ижроси юзасидан давлат хусусий шерикчилиги асосида маҳалланинг янги биноси бунёд этилди.

Янги бинода нафақат фуқаролар йиғини ходимлари, балки бу ерга келадиган ҳар битта фуқаро учун барча қулайлик яратилди.

6 710
Авазбек Худойқулов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА