ЎзА Ўзбек

18.07.2018 16:32 Чоп этиш версияси

"Ибратли қайнота" танлови ўтказилади

Жорий йилнинг 1-25 август кунлари Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Биз оилавий ажралишларга қаршимиз!” шиори остида оилаларни мустаҳкамлаш ойлигини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади оила институтини мустаҳкамлаш, ажралишларнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли ишларни ҳамкорликда амалга оширишдан иборат.

Лойиҳа доирасида қатор ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган. Жумладан, фуқаролар йиғини кенгаши аъзоларининг оилалар билан ишлаш борасидаги касбий маҳоратини ошириш бўйича семинарлар ташкил этилади. Оилавий тарбиянинг устуворлиги тўғрисида жамоатчилик фикрини шакллантириш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали ва турли ижтимоий акциялар ўтказиш йўли билан оилавий қадриятлар ва тарбиянинг ўзига хос жиҳатлари кенг тарғиб қилинади.

Келишмовчиликлар сабабли ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларга намунали оилалар бириктирилади, шу орқали оилани сақлаб қолиш чоралари кўрилади. Никоҳсиз турмуш қуриш ҳолатлари кўп бўлган ҳудудларда қонунчиликда белгиланган никоҳ тузиш тартиби ва шартлари ҳақида суҳбатлар ўтказилади.

Тўй ва бошқа маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда йўл қўйилаётган дабдабабозлик, сохта обрў орттириш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар оилалар мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатиши аҳолига тушунтирилади. 

Ойлик доирасида оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш, қайнота-келин, қайнота-куёв муносабатларини мустаҳкамлаш, энг яхши қайноталарни рағбатлантириш мақсадида мамлакатимизда илк бор “Ибратли қайнота”, қайнона-келин муносабатларини мустаҳкамлаш, уларни рағбатлантириш ва муносиб тақдирлаш ҳамда бу борадаги ижобий тажрибани кенг оммалаштириш мақсадида “Энг яхши қайнона-келин” танловлари ўтказилади.

Назокат Усмонова, ЎзА
6 361