ЎзА Ўзбек

23.12.2016 16:28 Чоп этиш версияси

Ибратли ҳаёт ва самарали ижод уйғунлиги

...Эркин Воҳидовнинг халқчил, теран фалсафий мазмун-моҳиятга эга, миллий руҳ билан йўғрилган шеърияти кириб бормаган ўзбек хонадони бўлмаса керак. Ижодкордаги курашчан руҳни унинг асарларини ўқиганингизда ҳамиша ҳис қилиб турасиз. Бу ўқувчининг қалбида шунга мос туйғуларни шакллантиришга хизмат қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори забардаст шоиримизнинг бой ижодий меросини ўрганиш, унинг навқирон авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги ўрни ва таъсирини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Олмалиқ шаҳридаги бир қатор таълим муассасаларида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри ҳамкорлигида ўтказилаётган адабий кеча ва ижодий учрашувларда бу алоҳида таъкидланмоқда.

Ана шундай тадбирларнинг бири Навоий давлат кончилик институти қошидаги Олмалиқ академик лицейида бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, адабиётшунос олимлар, ўқитувчи ва ўқувчилар иштирок этди.

– Эркин Воҳидовнинг ибратли ҳаёт йўли, инсонийлик фазилатлари, ижодий фаолияти, дилбар шеърияти хусусидаги суҳбатлар бизда катта таассурот қолдирди, – дейди лицей ўқувчиси Х.Тошпўлатова. – Биз ҳам Эркин Воҳидов шеърларини севиб ўқиймиз, ёд оламиз. Ўртоқларимиз билан тез-тез мушоира қилиб турамиз. Шунда шеъри кўп ўқиладиган шоирлардан бири, албатта, Эркин Воҳидов бўлади. Чунки, уларда ҳар биримизнинг қалбимизга яқин туйғулар, юртпарварлик, ҳалоллик, камтарлик, меҳнатсеварлик фазилатлари тараннум этилган.

Тадбирда ўқувчилар томонидан ўзбек ва инглиз тилларида шоир ижодидан намуналар ўқилди, гўзал бадиий композиция ҳамда саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Икром Аввалбоев, ЎзА
4 581