Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2017 14:40 Чоп этиш версияси

Ибратга арзигулик спектаклларимиз бўлсин

Вилоят ташкилоти раҳбарларидан бири қўнғироқ қилиб, театримизда яқин кунларда қандай спектакллар намойиш этилиши билан қизиқди. Репертуаримиздаги саҳна асарлари тўғрисида маълумот бериб, қизиқиши боисини сўрадим.

– Таклифнома юборган экансиз, кейинги бир-икки янги спектакллар премьерасида қатнашдим, – деди у. – Менга жуда ёқди, кўп нарса ўргандим. Оилавий келиб кўриш керак экан, деб ўйладим. Лекин ана борамиз, мана борамиз, деб ортга сурилиб кетмоқда. Яқинда Президентимизнинг ижодкор зиёлилар билан учрашувда айтган гапларини тинглаб, очиғи, болалар олдида ўзимни айбдор ҳис қилдим, бироз ўнғайсизландим. Шу ҳафта дам олиш куни, албатта, театрга борамиз, деб ваъда бериб қўйгандим...

Суҳбатдошимнинг гапларидан хурсанд бўлдим. Айни пайтда “Қани энди, ҳамма ота-она, раҳбарлар ҳам шундай ўйласа, театр, музей ва бошқа маданият масканларига боришни одат қилса...”, деган ўй ўтди хаёлимдан.

Тўғри, кейинги йилларда давлатимизнинг алоҳида эътибори ва рағбати туфайли театрларимиз репертуари янги асарлар билан бойиб, томошабинлар оқими бироз кўпайди. Саҳна асарлари намойиши мунтазамлик касб этмоқда. Мамлакатимиз театр жамоалари ўртасида ижодий танловлар ташкил этилиб, гастроль сафарлари уюштирилмоқда. Эътиборли жиҳати, халқимиз кўнглидан чуқур жой олган, театр санъатимизнинг дурдона асарларини давлат буюртмаси асосида қайта саҳналаштириб, намойиш этиш йўлга қўйилди.

Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида ҳам 2016 йилда Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” тарихий драмаси қайта саҳналаштирилиб, томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. Бунда Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, тажрибали режиссёр Олимжон Салимов, бош роль ижрочиси – Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловнинг хизматлари катта бўлди. Ушбу асар бугунги кунда театримизнинг асосий спектаклларидан бири сифатида доимий равишда ўйналмоқда. Шунингдек, пойтахтимизда – Ўзбек Миллий академик театрида ҳам бир неча бор намойиш этилди, йилнинг энг яхши спектакли, деб эътироф этилди.

Жорий йилда театримизда Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев режиссёрлигида Иззат Султон қаламига мансуб “Имон” драмасини саҳналаштирдик. Ўтган асрда отахон театримизда бир неча юз марта намойиш этилган бу асарнинг Самарқандда қайта саҳналаштирилиши ҳам санъатшунослар томонидан юқори баҳоланди. Томошабинлар жуда яхши кутиб олди. Ролларни Ёдгор Саъдиев ва театримизнинг тажрибали актёрлари билан бирга, ёшлар маҳорат билан талқин этди.

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо қаламига мансуб “Самарқанд сайқали” асари ҳам театримизнинг 2017 йилдаги янги спектаклларидан бири бўлди. Унда буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг Самарқанддаги ижоди ва фаолияти акс эттирилган.

Яқинда репертуаримиз яна бир янги асар билан бойиди. Машҳур турк ёзувчиси Тунжар Жужан ўғли асари асосида “Кўчки” спектаклини намойиш этдик. Мазкур психологик драма тажрибали режиссёр Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилди. Бош ролларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулбаҳор Мамедова, Баҳрулло Раҳимов, Бахтиёр Раҳимов, истеъдодли актёрлар Шоҳсанам Облоқулова, Жамшид Муродов, Сарвиноз Саидова ижро этди.

Шу ва бошқа асарларимизнинг жамоатчилик кўриги ва премьерасига адабиётшунос, санъатшунос олимлар ва мутахассислар билан бирга, вилоятимиздаги корхона-ташкилот ва муассасалар раҳбарларини ҳам таклиф этиб, уларнинг фикрлари билан қизиқаяпмиз. Бу саҳна асарларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва театрга томошабинларни кўпроқ жалб этишга хизмат қилаётир.

Президентимизнинг ижодкор зиёлилар билан учрашувда айтилган танқидий фикрлари, таклифларини ўрганиб, зиммамиздаги вазифа нечоғли шарафли ва масъулиятли эканини яна бир бор чуқур англадик. Шундан келиб чиқиб, ўз ижодий режаларимизни белгилаб, янгича иштиёқ ва ғайрат билан ишлашга, ибрат қилиб кўрсатишга арзигулик асарларни кўпайтиришга киришдик.

Баҳодир Шарофов,
Самарқанд вилояти мусиқали драма
театри директори.

ЎзА
2 111






Все о погоде - Pogoda.uz