ЎзА Ўзбек

16.08.2018 11:06 Чоп этиш версияси

Иқтисодиётга ҳам “янги қон” керак

Иқтисодиётга ҳам “янги қон” керак

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 15 августда “Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича тажрибани амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди. 


Тошкент – мамлакат юраги, олтин остонамиз, бош кентимиз. Унинг чиройи – Ўзбекистон кўрки, унинг тараққийи – юрт ривожи ойнаси, унинг фаровонлиги – тўкинлик дебочаси. Шу боис Президент томонидан имзоланган, инвестиция муҳитини яхшилаш кўзда тутилган фармонда ҳам – бундан буёнги сармоявий муҳитнинг об-ҳавосини белгилаш ваколати тажриба тариқасида пойтахт ҳокимлигига берилиши кўзда тутилмоқда. Самара берса, бу тажриба бошқа ҳудудларга ҳам жорий қилинади. 

Инвестициянинг, бошқача айтганда, сармоянинг аҳамияти ҳақида ортиқча гапириш шарт эмас. Оғриган жонга донор қони нечоғли зарур бўлса, иқтисодга ҳам капитал, айниқса, у хорижий бўлса, шунчалик зарур: гўёки, қотиб қолган томирлардаги қон юришади, увишган этга жон киради. Иқтисод ҳам “янги қон” билан жонланади. Аммо инвестиция дегани ҳам ўз-ўзидан кириб қолмас экан-да. Бўлмаса, озмунча ҳаракат қилинмоқдами, ҳазилакам жон куйдирилмоқдами?! Бугунги ҳужжат ҳам – шундай хайрли қадамлардан бири.

Бу шундай амал бўлади-ки, хорижлик сармоядорга янада кўпроқ ишонч беради. Қадамки, уларга ер ажратиш учун саксонта идора эшигини қоқишга, мулозамат-у мадора қилишга ҳожат қолмайди. Ва ниҳоят, шундай қадамки, иқтисодий манфаат турфа бюрократиядан устуворлиги мезон қилиб олинади. Инвесторга эса, табиийки, қоғозбозликнинг, “отангга бор, онангга бор” қабилидаги сансалорлик тамомила ёт нарса.

Тадбиркорлар билан ўтказилган турли даражалардаги музокаралар натижасида 2,1 млрд. долларга тенг бўлган 143 инвестицион лойиҳалар маъқулланган. Уларнинг 1,5 млрд. долларига тенг қисми – тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ҳисобланади. Масала бу лойиҳалар учун ажратиладиган ер майдонига бориб тақалади. Чунки мазкур лойиҳалар татбиқ этилиши учун – оз эмас, кўп эмас, 230 гектар танқис мегаполис ер майдони ёки бўшаб қолган кўчмас мулк объектлари керак эди. Рухсат бериш учун эса – ўнлаб имзолар йиғиш даркор...

Тўғри, Ўзбекистон Президентининг жорий йил 1 августдаги “Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан инвесторга ер ажратиш тартиб-тамойиллари анча соддалаштирилди. 

Бугунги Фармон бўйича эса Вазирлар Маҳкамаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 15 августдан 2019 йил 15 августгача Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича тажриба тариқасида янгича тартиблар жорий қилинади. Хўш, улар нимадан иборат?

Биринчидан, Тошкент шаҳар ҳокимининг инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар асосида инвестиция шартномаларини тузиш йўли билан – соддалаштирилган тартибда доимий эгалик, доимий фойдаланиш, вақтинчалик эгалик қилиш ҳуқуқида фойдаланиш учун ер участкаларини ажратиш;

иккинчидан, сармоядорлар билан музокара якунлари бўйича инвестиция келишуви асосида фойдаланилмаётган давлат объектларининг майдони ҳажмидан қатъи назар сотиш;

учинчидан, пойтахт ҳокими қарорига мувофиқ, хусусий бошқарувчи ташкилотларга ишончли бошқарув шартномаси асосида кичик саноат ҳудудлари дирекциялари функцияси берилади. Чунки рақамларга боқсак, бугунги кунда Мирзо Улуғбек туманидаги кичик саноат зонасида 42,2 минг квадрат метр, Олмазор туманидаги саноат зонасида – 4,7 минг, Сергелида эса – 8,4 минг квадрат метр ҳудудлар ҳувиллаб ётганди. 

Булардан ташқари, жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг бозорлар (фондлар) ва савдо мажмуаларидаги улушларини хусусий тадбиркорлик субъектларига инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар эвазига сотиш, давлат-хусусий шериклиги шартларида автомобиль йўллари бўйлаб пулли автомобиль сақлаш жойларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, хусусий инвесторларни жалб қилган ҳолда кўпқаватли автомобиль сақлаш жойлари қуриш дастурини тасдиқлаш каби тадбирлар ҳам Тошкент шаҳар ҳокими қарорига биноан амалга оширилади.

Эндиликда Тошкент шаҳридаги эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг маъмурий бошқарув кенгаши ваколатлари Тошкент шаҳар ҳокимига ўтади, у ушбу ваколатларни кичик саноат зоналари дирекцияларига қисман ёки тўлиқ бериши мумкин.

Дарвоқе, жорий қилинаётган тартиботларнинг самарадорлиги билан боғлиқ ўзига хос жиҳати хусусида. Эндиликда ер участкалари инвестор томонидан 1 йил, лозим бўлганда ва лойиҳа мураккаб бўлса, сал кўпроқ вақтга захирага олинади. Шу муддат ичида у шартнома доирасида зиммасига олган мажбуриятларни бажариши лозим. Акс ҳолда, ер участкасини резервлаш инвесторга компенсация ва зарарларни қоплаб беришсиз тартибда бекор қилинади. Бошқача айтганда, эпласанг, ишонсанг, зиммангга ол ва қандингни ур. Йўқса, жойни бошқа қўлидан келадиганга бўшат...

2018 йил 1 октябрдан жорий қилинадиган яна бир янгилик: автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш хизматларини кўрсатиш билан шуғулланаётган юридик шахсларнинг белгиланган солиқни тўлаш тартиби бекор қилиниб, улар ягона солиқ тўловига ёки Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси билан белгиланган бошқа умумбелгиланган солиқларга ўтказилади.

Юқоридагилардан ташқари, Фармон билан Тошкент шаҳар ҳокимига хорижий инвесторлар билан чет эл инвестициялари улуши 10 миллион АҚШ долларидан юқори бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда инвестиция битимлари тузиш ҳуқуқи берилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, зарур ҳолларда Тошкент шаҳрининг Олмазор, Юнусобод, Чилонзор ва Сергели туманларига ёндош бўлган – Тошкент вилояти ҳудудида кичик саноат зоналари яратиш учун ҳар бирининг майдони камида 20 гектардан кам бўлмаган ер участкалари ажратиш бўйича ҳам қарори лойиҳасини киритиш ҳукумат ва пойтахт ҳокимлигига юкланмоқда.

Шу ўринда, таъбир жоиз бўлса, Фармондан ўрин олган яна бир – аҳамият жиҳатдан иқтисодий манфаат деган гаплардан қолишмайдиган масала хусусида. Ҳужжатга кўра, унинг ижрочиларига – Тошкент шаҳри эски шаҳар қисми, маданий мерос объектлари ва атроф-муҳитнинг қулай экологик ҳолати сақланиб қолиши, оддий одамлар ҳаётига зиён-заҳмат етказмаслиги, декоратив дарахтлар ва гуллар эккан ҳолда яшил ҳудудларни яратиш, энг муҳими, дарахт ва ўсимликларнинг ноқонуний кесиб ташлашдан ҳимоясини таъминлаш вазифалари ҳам юклатилган. Бошқача айтганда, маданий ва маиший турмуш – инвестициявий манфаатлар довулида қолмасин. Ахир Тошкент таровати – асрларки, шеър-у қўшиқларда, ғазалларда яшайди. Уни ҳам юракдан суғуриб бўлмайди...

Энг муҳими шуки, Тошкентнинг "қулоғи"га айтиладиган гап юкли бўлиши керак, асосли бўлиши лозим ва яна, у гап ортидан қилинадиган ишлар – ҳаёт даражасини оширсин, халқнинг розилигини таъминласин, маъмурлигини зиёда қилсин. Юрт раҳбари томонидан имзоланган ва ҳозир шарҳлаганимиз қарор эса шундай умидлар туғилишига имкон беради. Чунки сармоя кирди, дегани – аввал айтганимиздек, қон юришиб, янгиланишга, яшаришга умид уйғотади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги
Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази билан ҳамкорликда тайёрланди

ЎзА
8 330