Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 11:55 Чоп этиш версияси

Иқтисодий судларда юз мингдан зиёд иш кўрилиб, уларда асосан тадбиркорлар ҳуқуқлари тикланди

Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашда иқтисодий судлар изчил фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида мазкур судлар 106 минг 471 ишни ҳал этган. Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 минг 812 тага кўп бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судида иқтисодий судларининг 2018 йил I чорагидаги фаолияти якунларига бағишлаб ташкил этилган йиғилишда бу алоҳида таъкидланди.

Видеоконференцалоқа режими орқали ўтказилган тадбирда Олий суд иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, Олий суд бошқарма ва бўлим бошлиқлари, вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) суд раислари, судья ва суд ходимлари иштирок этди.

Тадбиркорларга қулайликлар яратиш ҳамда суд таъсирчанлигини ошириш мақсадида ишларнинг салмоқли қисми, яъни 80 фоизга яқини бевосита жойларда, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини кенг оммага, хусусан, тадбиркорларга етказиш, аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш, амалдаги қонунчиликни тушунтириш юзасидан кенг кўламли ҳуқуқий тарғиботлар ишлари амалга оширилган.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судлар, шунингдек, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлар раислари томонидан фуқароларнинг шахсий сайёр қабуллари ташкил этилган. Шахсий қабулларда 2 минг 153 нафар фуқаро иштирок этиб, улардан 419 мурожаат қабул қилиб олинган.

Йиғилишда ҳисобот даврида иқтисодий судлар фаолиятида бир қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилганлиги қайд этиб ўтилди. Ҳар бир суднинг фаолияти алоҳида муҳокама қилиниб, камчиликларга йўл қўйган суд раислари, судья ва суд ходимларидан тегишли тушунтириш талаб қилинди.

Муҳокама якунида камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаш ва натижаси юзасидан Олий судга ахборот бериш ҳақида қарор қабул қилинди.

ЎзА
8 053