Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.07.2018 15:29 Чоп этиш версияси

Иқтисодчи эксперт Адҳам ШОДМОНОВ: “Солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар — валютани либераллаштиришга доир сентябрь ислоҳотидан кейинги яна бир тарихий қадамдир”

Иқтисодчи эксперт Адҳам ШОДМОНОВ: “Солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар — валютани либераллаштиришга доир сентябрь ислоҳотидан кейинги яна бир тарихий қадамдир”

Президентимиз томонидан 2018 йил 29 июнь куни «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармони кенг оммага тақдим этилишдан олдин очиқ-ошкора муҳокама қилингани кўпчиликнинг бу борадаги билимларини бойитди десак, муболаға бўлмайди.

Ваҳоланки, уни тадбиркор ҳам “дўппини ёнига қўйиб” ўрганди, оддий фуқаро ҳам уйида ўз оиласининг даромадларини солиқ солишнинг таклиф этилган тизимларга бир “чамалаб” кўрди. Бунга интернет тармоқларида ҳамма ўз ҳамёнини ҳисобга олиб, манфаатларидан келиб чиқиб, “маъқул” ё “номаъқул” қабилида таклифлар берди. Хўш, энди ким ютди-ю ким ютқазди.

Бу ҳақида иқтисодчи экспертимиз Адҳам Шодмоновнинг фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

— Албатта, олинган таклифлар асосида солиқ тизимини имкон қадар очиқ-ошкора бўлишлиги таъминланди. Бироқ айримлар ўзининг бугунги имтиёзли ҳолатини йўқотишни, “соябон остидаги” маъқул ҳолатидан воз кечишни истамаётган бўлса-да, энди бунинг иложи йўқ. Фармоннинг асл моҳияти ҳақида кўп ва хўп айтилган бўлса-да, яна такрорлаш керакки, Президентимиз ташаббуси билан солиқ тизимида режалаштирилаётган инқилобий ўзгаришлар мамлакатимизда қулай бизнес иқлимини яратиш учун жиддий қадамдир.

Тўғри, бундай қадамнинг кейинги босқичларида амалдаги солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш йўлида ҳали бир қатор муҳим ишлар қилиниши лозим. Солиқ кодексининг янги таҳририни тайёрлаш, солиқ тизимини такомиллаштириш дастурини тайёрлаш ва қабул қилиш лозим бўлади.

Агар кузатадиган бўлсак, солиққа тортишдаги бундай ёндашув айрим МДҲ давлатларида ишлаётган солиқ тизимидан анчайин афзал. Биргина мисол, муҳокамага чиқарилган айрим бандлар бўйича маъқулловлар бўлса-да, уларни сақлаб қолиш имкони бўлмади. Масалан, қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС)ни 20 фоиздан 12 фоизгача туширишнинг имкони бўлмади, яъни уни ўзгартириш 2019 йилдан кейин мумкин бўлади. Бунда ҚҚСнинг солиқлар тизимидаги энг “салмоқли” билвосита солиқлардан бири эканлигини инобатга оладиган бўлсак, албатта, давлат хазинасини тўлдиришда келгуси талафотларнинг олдини олиш, деб тушуниш мумкин.

Айрим солиқ турларининг бекор қилиниши ва солиқ миқдорлари (ставкалари) бекор қилинишини ҳам шу йўлдаги саъй-ҳаракат деб тушуниш қулайроқ. Бир қарашда соддалаштирилган тартибидан умумий солиқ солиш тартибига ўтаётган корхоналар учун бундай ўзгартиш илк босқичда солиқ юкини камайтириш мақсадида уларнинг ички “корпоратив солиқ тўлаш сиёсати”ни қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Бироқ, шуни айтиш керакки, айни вақтда миллий такомиллашган янги солиқ моделига асос солинди. Солиқ юкини камайтиришга ва амалдаги солиққа тортиш қоидаларини қайта кўриб чиқишга қаратилган бундай ташаббус 2017 йилдаги валюта бозорини либераллаштиришга доир сентябрь ислоҳотидан кейинги яна бир тарихий қадамдир.

ЎзА
7 502