Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 10:29 Чоп этиш версияси

Иқтидорли болажонларимиз Туркия саҳналарида олқишлар олмоқдалар

Иқтидорли болажонларимиз Туркия саҳналарида олқишлар олмоқдалар
Ҳар йили 23 апрель куни Туркияда “Миллий суверенитет ва болалар байрами” сифатида расман нишонланади. Бутун мамлакатда ҳар бир оила хонадони ташқарисига Туркиянинг қирмизи байроғини осиб қўяди, республикада дам олиш куни бўлиб, парламент ва бошқа расмий идораларда тегишли тантанали тадбирлар ўтказилади. Бу байрам Туркия республикаси парламенти - Буюк Миллий Мажлиснинг 1920 йил 23 апрелида Анқарадаги энг биринчи йиғилишига бағишланган. Миллат келажаги ўсиб келаётган авлодга боғлиқлигини таъкидлаган Отатурк васиятига кўра, бу куни катта раҳбарлар ўз амал курсиларини рамзий маънода болаларга бўшатиб берадилар. Байрам куни бутун мамлакат бўйлаб болалар ва ўсмирлар учун театр ва концертлар намойиш қилинади.

Ушбу байрам тантаналари доирасида Туркия Давлат теле-радио компанияси “ТРТ” томонидан сўнг 40 йилдан буён ҳар йили 23 – 25 апрель кунлари Халқаро болалар байрами фестивали ташкил этиб келмоқда. Бу йил мазкур тадбир Бурса ва Анқара шаҳарларида дунёнинг 70 дан зиёд мамлакатидан таклиф этилган болалар ва ўсмирлар бадиий гуруҳлари иштирокида бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистондан бу фестивалда “Марварид” болалар гуруҳи қатнашмоқда. Болажонларимиз ўзларининг қувонч ва самимиятга тўла чиқишлари билан тадбир иштирокчиларининг олқишларини олмоқдалар. Миллий ва замонавий, халқаро ва минтақавий мусиқа ҳамда рақс санъати намуналари, ўзбекона кийимлар, урф-одатларни гўзал шаклда намойиш этган ўғил-қизларимиз Ўзбекистон байроғини мазкур халқаро тадбирларда баланд кўтармоқдалар.

ЎзА
4 460