ЎзА Ўзбек

02.07.2020 Чоп этиш версияси

ИҲТ Бош котиби ўринбосари билан музокаралар тўғрисида

ИҲТ Бош котиби ўринбосари билан музокаралар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Аҳмад Ссенёмо билан видеоконференс-алоқа шаклида музокара ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ИҲТ билан кўп қиррали ҳамкорлиги, жумладан, савдо-иқтисод, инвестиция ва туризм соҳаларидаги алоқалари жорий ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жадал тараққиётни таъминлаш ва мамлакатимиз иқтисодиёти рақобатбардошлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон ИҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади.

Иқтисодиёт ва савдо соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ИҲТ билан муносабатларнинг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди. Ўзбекистон ИҲТ Бош котибияти, Ислом тараққиёт банки, СОМСEС, Савдони ривожлантириш бўйича ислом маркази ва ташкилотнинг бошқа тузилмалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор бўлиб, бу мамлакатимизда турли лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга имкон беради.

Томонлар, шунингдек, СОVID-19 пандемияси шароитида ИҲТ иштирокчилари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни қайта тиклаш масаласини муҳокама қилдилар ва коронавируснинг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидладилар.

ИҲТ Бош котиби ўринбосари Ўзбекистон ҳукумати томонидан иқтисодий фаоллик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади.

3 257
ЎзА