Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 23:27 Чоп этиш версияси

Иқлимни барқарорлаштириш бўйича инновацион усуллар жорий этилмоқда

Қорақалпоғистон шимолида голофит типида озиқланадиган қуруқликка чидамли кўп йиллик ўсимликлар кўчати етиштириладиган кўчатхона барпо этилади. Бу ҳудуднинг мураккаб табиий-иқлим шароитига тез мослаша оладиган ўсимликлар турини диверсификация қилишга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда дунёда иқлимнинг сезиларли даражада ўзгариши кузатилмоқда. Бу маълум даражада деҳқончиликка таъсир кўрсатади ва қишлоқ хўжалигида ерни қайта ишлаш самарадорлигини оширадиган, сув ресурсларидан оқилона фойланиш имконини берадиган янги экологик тоза технологиялар яратиш ва улардан фойдаланишни тақозо этмоқда.

Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон шимолида шундай усул ва технологиялар фаол жорий этилмоқда. БМТ Тараққиёт дастури, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати ҳамда БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Мослашиш жамғармаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларида иқлим барқарорлигини таъминлаш” қўшма лойиҳаси доирасида бу ерда сув тақчиллиги ва қурғоқчилик юзага келиши хавфини камайтирадиган шароитлар яратилди, далаларни лазер ёрдамида режалаштириш, бошланғич ишлов бериш, сидерал, шўрга ва қурғоқчиликка чидамли экинлар етиштириш каби янги аграр ва сув тежайдиган технологиялар жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати бош директори вазифасини бажарувчи К.Ориповнинг айтишича, иқлим ўзгариши бугунги кундаги глобал муаммолардандир. Бу Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳам сезилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида глобал иқлим ўзгариши ва Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Шу боис, мамлакатимизда табиий офатларнинг барвақт олдини олиш, қурғоқчилик ва сув тошқинларини прогнозлантириш тизимига сармоя киритиш орқали иқлим ўзгаришларига мослашиш бўйича чоралар қабул қилинмоқда.

“Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларида иқлим барқарорлигини таъминлаш” лойиҳаси мутахассислари томонидан заифлик бўйича шартли индекслар ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, иқлим ўзгаришларига чидамли фермер ва деҳқон хўжаликларини ташкил этиш услубларини ишлаб чиқиш ва намойиш этишга мўлжалланган бешта туман танлаб олинади.

Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистоннинг кузатув метеорологик тармоғи бутунлай автоматлаштирилди. Амударёнинг қуйи оқимидаги ўнта метеостанция ва иккита муҳим гидрологик пост модернизация қилинди, куну тун мониторинг ўтказиш ва олинган маълумотларни реал вақт режимида ўрганиш имконини берувчи янги ускуналар ўрнатилди. Яратилган техник база қурғоқчиликни эрта аниқлаш бўйича замонавий тизим барпо этиш учун асос бўлиб хизмат қилди. Айни пайтда ушбу тизим қурғоқчиликни 3 ой аввал 70-100 фоиз барвақт аниқлаш имконини бермоқда. Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон фермерларининг аниқ ва ўз вақтида прогнозлардан хабардор бўлиши, уларнинг қурғоқчилик кириб келишига янада пухта тайёрланишига ёрдам бермоқда. Ҳудудда ташкил этилган маслаҳат-ахборот марказлари янада самарали агротехник услублардан фойдаланишни ўзгартириш имконини бермоқда. Майдонларни лазер ёрдамида режалаштириш, бошланғич ишлов бериш, сидерал, шўр ва қурғоқчиликкка чидамли экинларни парваришлайдиган технологиялар шулар жумласидандир. Ўтказилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, Қорақалпоғистоннинг мураккаб иқлим шароитида бундай услубларни қўллаш ғўза ҳосилдорлигини 30, ғалла ҳосилдорлигини 30-70 фоизгача оширади.

Лойиҳа яйлов ва ўрмонларни қайта тиклаш, қуруқ иқлим шароитларига яхши мослашувчан ўсимликларни диверсификация қилишга йўналтирилган қатор тадбирларни амалга оширишни кўзда тутади.

– Жорий йилда биз Қорақалпоғистоннинг тўртта туманида ўрмон- мелиорация ишларини бажаришни режалаштирганмиз, унга кўра, юз гектардан ортиқ майдонда яйловлар тикланади, – дейди “Ўзбекистоннинг қурғоқчил туманларида жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларида иқлим барқарорлигини таъминлаш” лойиҳаси раҳбари Александр Миркушкин. – Шунингдек, голофит типида озиқланадиган қурғоқчиликка чидамли кўп йиллик ўсимликлар парваришланадиган кўчатхона барпо этилади. Терескен, чогон, боялич ва қизилмия сингари бу ўсимликлар юқори тўйимлилик қийматига эга ва қурғоқчил шароитга яхши мослашган. Бу ўсимликлар ернинг шўрланиш даражасини камайтириб, унинг ҳосилдорлигини яхшилайди. Масалан, фармацевтикада кенг қўлланиладиган қизилмия ўсимлигини етиштириш ва сотиш орқали фермерлар яхши даромад олиши мумкин.

Бу каби лойиҳаларни амалиётга жорий этиш глобал иқлим ўзгаришларига мослашишга хизмат қилади, Қорақалпоғистоннинг энг қурғоқчил ҳудудларидаги ерларнинг унумдорлигини оширишга ёрдам беради, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантиришга хизмат қилади ва мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлайди.

Роман Бондарчук, ЎзА
3 225