ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

"Hugo Boss” костюмлари Ўзбекистонда

"Hugo Boss” костюмлари Ўзбекистонда

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Германиянинг “Hugo Boss” компанияси вакиллари билан учрашди.

Учрашувда хорижлик ишбилармонларга вилоятда текстиль соҳасининг жадал ривожланиб бораётгани, биргина Наманган шаҳрининг ўзида бир ярим мингдан зиёд тикувчилик корхонаси фаолият кўрсатаётгани, пахтачиликнинг 85 фоизи кластерларга ўтказилгани ва келгуси йилда бу кўрсаткични юз фоизга етказиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Яқингача текстиль йўналишида экспорт амалиёти асосан МДҲ мамлакатлари билан чекланилган бўлса, сўнгги йилларда Европа ва океанорти бозорларига ҳам кириб борилмоқда, – деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров. – Жумладан, “Чуст текстил” корхонаси Португалия ва АҚШда, “Ифтихор кийим саноат” эса Германия бозорларида ўз ўрнини топгани фикримиз далилидир. “Hugo Boss” билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши вилоятда текстиль саноатини янги ривожланиш босқичига олиб чиқишга хизмат қилади. Йиллик товар айланмаси уч миллиард доллардан зиёд бўлган “Hugo Boss” компанияси вакиллари Константин Соер ҳамда Семиҳ Демир Наманган шаҳридаги “Люкс Плюс Сервис” корхонаси билан ҳамкорликда ушбу бренд остидаги костюмларни Наманганда ҳам ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга ошира бошлангани ва бу лойиҳанинг иқтисодий кўрсаткич ҳамда истиқболлари ҳақида маълумот берди.

1.jpg

– Наманган текстиль саноати, айниқса, костюмлар ишлаб чиқариш бўйича тажрибаси билан Ўзбекистонда етакчилик қилаётганидан яхши хабардормиз, – деди Семиҳ Демир. – Бу йўналишда дунё брендлари билан рақобатга киришаётган корхоналар Наманганда кўпайиб бормоқда ва бу бизнинг ўзаро ҳамкорлигимизда муҳим аҳамият касб этади.

930
Акромжон САТТОРОВ, Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА