ЎзА Ўзбек

18.10.2012 17:28 Чоп этиш версияси

Гўзал Фарғонанинг янги қиёфаси

Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, улкан ўзгаришларнинг гувоҳи бўласиз. Мустақиллик йилларида барпо этилган муҳташам иморатлар, равон йўллару кўприклар, серфайз боғ ва хиёбонлар, намунавий турар-жойлар, замонавий маҳаллалар киши дилини қувнатиб, қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиради. Фарғона шаҳрида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан бир неча йил аввал Фарғонада бўлган киши бугун уни таний олмай қолиши шубҳасиз. Чунки қисқа фурсатда амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришлар барчанинг ҳайратини оширмоқда. Президентимиз ўтган йили Фарғона вилоятига ташрифи чоғида шаҳарни янада обод этиш юзасидан таклиф ва тавсияларини берди. 2011 йил 15 ноябрда давлатимиз раҳбарининг “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ шаҳарда бошланган улкан бунёдкорлик ишлари бугун қизғин паллага кирган.

– Шаҳар бош режасини ишлаб чиқишда ҳудуд ландшафти, аҳоли жойлашуви каби муҳим омиллар алоҳида эътиборга олинган, – дейди Фарғона шаҳар бош меъмори Шавкат Маликов. – Бунёдкорлик ишларидан сўнг шаҳримиз шаҳарсозликнинг замонавий ва миллий анъаналарини ўзида мужассам этган бетакрор маданий марказга айланади. Шаҳарнинг бош режасига мувофиқ 2012-2015 йиллар мобайнида 1,3 триллион сўмликдан зиёд бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Шаҳар автомобиль йўллари тизимини тубдан такомиллаштириш белгиланган. Шу асосда ўтган даврда Аэропорт, Оқариқ, Нозим Ҳикмат, Баҳор, Нурафшон, Темир йўл кўчаларида катта ҳажмда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Улар бўйида замонавий турар-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари қад ростламоқда. 94 кўп қаватли турар-жой биносининг ташқи томонига сайқал берилди. Шунингдек, узунлиги 14,4 километр, эни 40 метрлик 6 тасмали кичик ҳалқа йўли ҳадемай шаҳар ҳуснига янада кўркамлик бахш этади. Янги коммуникация тармоқлари, гулзорлар, болалар майдончалари фойдаланишга топширилади. Худди шундай ўзгаришларга Алишер Навоий кўчасида ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Айни пайтда “Фарғона йўллойиҳа” масъулияти чекланган жамияти жамоаси Оқариқ, Баҳор, Сайилгоҳ, Мураббийлар, Университет, Ўзбекистон овози, Қувасой, Алишер Навоий, Мустақиллик каби кўчалардаги мавжуд кўприкларни жорий ва мукаммал таъмирлаш ишларига киришган.

Аҳмад Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш асносида Бобур ва Аҳмад Фарғоний кўчалари оралиғида сўлим хиёбон барпо этилиши, Навоий ва Оқариқ кўчалари туташган манзилда эса дам олиш маскани ҳамда мусиқий фавворалар ишга туширилиши режалаштирилган.

Ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш дастурнинг яна бир асосий йўналишларидан биридир. Унга кўра, айни пайтда 5-мактабгача таълим муассасасини мукаммал таъмирлаш, Олимпия захиралари спорт коллежида ёпиқ сув ҳавзаси қуриш ишлари жадал давом эттириляпти. Капитал таъмирланиши кўзда тутилган “Дельфин” сув ҳавзасида эса пудратчи ташкилот томонидан шу кунгача 781,5 миллион сўмлик иш бажарилди.

Фарғона шаҳрида қад ростлаётган йирик иншоотлардан яна бири 20 минг ўринли, жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган футбол стадионидир. Бундан ташқари, жорий йилда Фарғона аэропортининг йўловчилар терминалини қайта реконструкция қилиш, қўшимча биносини қуриш, аэропорт ҳудудини ободонлаштириш, Қувасой кўчасининг Фарғона катта ҳалқа йўли билан туташган қисмида барча қулайликларга эга замонавий меҳмонхона, маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва газ қуйиш шохобчалари, автошоҳбекат, кўп қаватли турар-жойларни фойдаланишга топшириш, Қиргули мавзесида “Бахт уйи”, кичик амфитеатр ва турли аттракционлардан иборат аквапарк, “Ёшлар маданият маркази"ни барпо этиш кўзда тутилган. Хўжанд кўчасидаги ҳарбий шаҳарчада эса 34 кўп қаватли турар-жой биноси қурилиши давом эттириляпти.

Бугун нафақат Фарғона шаҳри қиёфасида, балки кишилари онгида ҳам катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Тўқсон ёшли онахон кўзи ўрганиб қолган пастқам уйлар ўрнида бетакрор иморатлар қад ростлаётганидан суюниб, дуога қўл очади: қурувчи-ю ҳашарчиларга куч-қувват, юртга тинчлик, ободлик тилайди. Бундай манзараларни кўриш, кишига бугунги тинч, фаровон кунлардан шукроналик, эртанги ёруғ кунларга ишонч билан яшаш сурурини бағишлайди.


ЎзА, Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат)
9 099