ЎзА Ўзбек

15.03.2019 09:28 Чоп этиш версияси

Гурлан тумани ҳокими Алишер Салаев: “Ҳеч бир фермернинг шахсияти ва қадр-қимматига тегадиган ҳақорат қилмадим, урмадим”

Гурлан тумани ҳокими Алишер Салаев: “Ҳеч бир фермернинг шахсияти ва қадр-қимматига тегадиган ҳақорат қилмадим, урмадим”

Айрим интернет сайтларида Хоразм вилояти Гурлан тумани ҳокими Алишер Салаев жорий йил 11 март куни ҳокимлик биносида фермерлар билан бўлган йиғилишда отасининг ўрнига келган фермернинг ўғли Дилшод Дўстметовни ҳақорат қилиб, стул билан бошига ургани ҳақида хабар тарқалди. Қизғин мунозарага сабаб бўлаётган бу воқеа аслида қандай бўлган эди?

ЎзА мухбири мазкур воқеа сабабларини ўрганиш ва масалага ойдинлик киритиш мақсадида Гурлан тумани ҳокими А.Салаев билан учрашди.

–2018 йил 3 декабрь куни туманга ҳоким қилиб тайинландим, – дейди А.Салаев. – Гурлан аграр туман ҳисобланади. Аҳолисининг кўпчилиги деҳқончилик, хусусан, шоли етиштириш билан шуғулланади. Туманда ҳар йили асосан шоли экилади. Шу сабабдан фермерларнинг кўпчилиги дала маданияти деганда, асосан фақат шоличиликни тушунади. Аммо қишлоқ хўжалигида томорқа, паррандачилик, чорвачилик, полиз, мева-сабзавот, узумчилик каби бошқа йўналишлар ҳам бор. Туман аҳолисининг эҳтиёжига кетадиган маҳсулотларнинг 80 фоизи четдан, яъни бошқа туманлардан олиб келинади. Ҳатто мевали ва манзарали дарахт экиш борасида ҳам сезиларли даражада бошқа туманлардан орқада. Мисол учун, шу баҳорда ҳам 2 миллиард сўм ҳокимлик маблағи эвазига бошқа тумандан дарахт кўчатлари сотиб олинди. Ваҳоланки, туманнинг ўзида қанча-қанча бўш майдонлар қаровсиз ётибди. Шу ерларда ана шу кўчатларни кимдир етиштирганида шунча маблағ туманимизнинг ўзида қоларди. Тумандаги 202 фермер хўжалиги раҳбарлари ва туман мутасаддиларини дала маданиятини ошириш, томорқа, кўкаламзорлаштириш ва бошқа масалалар бўйича қўшни Янгибозор тумани фермерлари тажрибасини ўрганиш мақсадида семинар ташкил қилдик. Икки туман чегарасида барчамиз учрашдик. Қўшни туманнинг 150 фермери барчаси ҳудуд раҳбарлари бошчилигида тартиб билан турибди. Аммо, бизнинг туман фермерларининг 57 нафари ушбу учрашувга келмади. Янгибозорлик фермерлар фаолиятини кузатдик, ўргандик. Кейинроқ семинарда иштирок этмаган фермерлар учун иккита автобусда ўша йўналиш бўйлаб қайтадан сайр ташкил этилди. Бироқ, барибир 12 фермер хўжалиги раҳбари ушбу тадбирга яна келмади. Кўрган ва кузатганларимизни маслаҳатлашиб, туманимиз қишлоқ хўжалигини тубдан ўзгартириш мақсадида ҳокимлик залида йиғилиш ўтказилди. Семинарда қатнашмаган фермерларни турғаздим. Жаҳлим чиқиб, аччиқ-чучук сўзлар айтдим. Аммо шахсиятига, уларнинг қадр-қиммати ва шаънига тегадиган ҳеч қандай сўз ишлатмадим. Уларни уриш ёки калтаклаш ниятим ҳам йўқ эди. Ҳеч кимни стул билан урмадим. Ишонмасангиз, шу мажлисда иштирок этган хоҳлаган одамдан сўраб кўринг!

Интернет нашрлари томонидан ушбу воқеада жабрланувчи қилиб кўрсатилаётган “Саху Диёри” фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Дўсимметов билан ҳам гаплашдик.

–Ўғлим Дилшод Дўстметов фермерлик билан шуғуллана бошлаганига энди бир йил бўляпти. Ўша куни менинг мазам йўқлиги ҳамда ўғлим хўжаликнинг иш юритувчиси бўлгани сабаб ўрнимга борган. 12 нафар фермер қаторида турган. Бироқ, ҳоким айнан менинг ўғлимга нисбатан ҳақоратли сўзларни йўлламаган. Бақирган, барчани дангасаликда айблаб, койиган. Кеча интернетда чоп этилган мақолани ўғлим билан ўқиб кўрдик. Воқеани жуда бўрттириб юборишибди. Ўғлим Дилшодни ҳоким стул билан урган, дегани ғирт ёлғон. Дилшоднинг айтишича, ҳоким ўзи ўтирган столни бир неча бор жаҳл билан муштлаган. 

Бор гап шу.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
3 028