ЎзА Ўзбек

10.01.2018 12:00 Чоп этиш версияси

Гумроҳлик

Эркин фикр

Ҳар гал Нукусга бориб ундан Чимбой томон йўлга отланганимда “Сарибас ата” қўйимшылығы деган ёзувга кўзим тушади. Тан бериш керак, Хоразм, Қорақалпоғистон томонларда марҳумлар қўйилган жойларга жуда эътибор билан қарашади. Ҳар-бир қўйинди лофи билан кичикроқ қуббали уйга ўхшайди. Лекин гап хозир унинг катта ё муҳташамлиги ҳақида эмас. Туркийнинг қорақалпоқчасидаги “қўйимшылық” атамаси ҳақида бормоқда. Ўхшашликни қаранг, бир пайтлар Нурота томонларда ҳам бобо-момоларимиз сўнгги масканни қабристон эмас, қўйинди деб аташарди. Русча “кладбище” сўзига маънодош бўлган бу сўз гавҳари қачон истеъмолдан чиқиб кетди, билмайман.

Тарихдан маълумки, кўп сўзлар эскирганлиги учун эмас, эътиборсизлигимиз, гумроҳлигимиз оқибатида маъносини йўқотмоқда. Қадимги Энасой-Енисейга, Ўтлиқ-Утюгка айлангани майли. Айбни ўтмишга тўнкасак бўлади. Шундоқ Тошкент шаҳридаги Сирғали тумани номи истеъмолда Сергели, Фарғона шаҳридаги Қиргули мавзеси истеъмолда Киргелига айланиб кетаётганига нима дейсиз. “Қўйлиқ” деб юрганимиз “Қўйлиқ ота” бўлиб чиққач, рости роса уялиб кетдим.

Назаримда, ўзбек тили шевалари ҳар-хил рангда чаман-чаман очилиб ётган гулзорга ўхшайди. Водийга борсам ўзбек тилининг жозибасини, назокатини ҳис қиламан, Хоразмга борсам “жонли-жонли” сўзлашимга тўғри келади. Сурхондарёга борсам “жўра”мни топаман. Андижонда “бек”ка, Самарқандда “жон”га, Хоразмда “бой”га айланаман.

Тараққиёт асрида яшаяпмиз-да, ошна. Маҳсулотни харидорга чиройли кўрсатиш учун реклама керак. Худди “онангни отангга, бепардоз кўрсатма” дегандек. Бусиз иш битмайди. Унинг хили ва тури эса кўпайгандан кўпаймоқда. Айниқса, янги очилган савдо шахобчалари пештоқига “мы открылись” деган лавҳа осиш кейинги пайтда урф бўлиб кетди. Яқинда узоқ қишлоқлардан бирига борсам, бир сомсахонанинг тепасига ҳам шу ёзувни илиб қўйишибди. Ёзув тагида ўтирган ёшгина йигитдан сомсанинг нархини русча сўрасам, юзимга ажабланиб қараб “сиз ўзбексиз-ку, ака!” дейди. Вой, азамат-ей!..

Бугун очиғи кўпроқ “сариқ матбуот” деб аталган нашрларда чоп этилаётган жаҳон адабиёти намуналарини ўқиб суюниб кетаман. Қандай яхши, билимли, дунёқараши кенг, иқтидорли ва маҳоратли ёш таржимонлар етишмоқда. Энг қувонарлиси, улар жаҳон адабиёти дурдоналарини аслиятдан ўгиришяпти. Эллигинчи йилларда туғилган менинг тенгқурларим фақат русчадан таржимани ўқирдик, тўғрироғи шўрвасининг шўрвасини ичиб катта бўлдик. Чунки, биринчидан, чет тилларни яхши биладиган, асл нусхадан ўгирадиган таржимонлар йўқ ҳисоби эди, иккинчидан борлари ҳам тинчгина юришни афзал кўришарди. 

Кармана шаҳридан ўн-ўн беш чақирим юриб Маликчўл тарихий обидасига етмасдан тепасига “Зарафшан” деб ёзилган меҳмонхонага кўзингиз тушади. Уёғидан ўтсангиз ҳам, буёғидан ўтсангиз ҳам шу ёзув - “Зарафшан”. Бу магистрал йўлдан ҳар куни минглаб йўловчилар ўтади. Улар орасида олиму фузалолар, қонун чиқарувчилар ва унинг ижрочилари, мактаб ўқувчилари ҳам бор. Аслида бу атама беҳуда танланмаган. Ҳудуддан оқиб ўтувчи дарё шарафига шундай номланган. 

Бугунги мактаб ўқувчиси қадимда Зарафшон дарёси оққан кенгликлар Зарафшон водийси деб юритилганини, Маликчўлга туташ бу замин ҳам унинг бир бўлаги бўлганини, тарихий манбаларда Зарафшон водийсида иккита катта Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари борлиги қайд этилганини билишмайди. Чунки тарихдаги ўша водий сўзи устини аллақачон бир энлик чанг қоплаган, ҳатто кўпчилик Зарафшон бўйларини бугун воҳа деб атай бошлаган, тарихий ҳақиқатни тиклаш ҳақида ҳеч ким - на олимлар, на матбуот бонг урмаётган бир пайтда болаларни буни билмасликда айблаш гуноҳ. 

Нимаям дердик, дарёси тушмагур ўз куч-қудратини қадрлай олмаган, ҳатто ўз номини тўғри айтолмаётган чучук тилли болаларнинг ҳолидан кулгандек ҳайқириб оқиб ётибди. 

Ялғош Сариев, журналист

Сиз нима дейсиз? Фикр билдиринг. Дўстларингизга улашинг.

Бизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:    FacebookTwitter, Odnoklassniki, Telegram 

ЎзА
12 911