Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.08.2018 14:27 Чоп этиш версияси

Гулшода Жўраева нега шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш марказига жойлаштирилди?

Гулшода Жўраева нега шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш марказига жойлаштирилди?
Куни кеча Тошлоқ тумани Қуйи Яккатут маҳалласида яшовчи, 1994 йилда туғилган Гулшода Жўраева шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш марказига жойлаштирилди.

Фарғона вилояти Тошлоқ туманида зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази ташкил этилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган. Хусусан, "Она ва бола" хонасида барча шароит яратилган. Низоли вазиятлар, жумладан, оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ўз вақтида аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш мақсадида марказда тумандаги тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарларининг қабул қилиш жадвали ишлаб чиқилди. Туман хотин-қизлар қўмитасида фуқаролар билан ўзаро алоқани амалга ошириш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, қўшимча кўмаклашиш мумкин бўлган ташкилотлар тўғрисида маслаҳат бериш ҳамда ахборот тақдим этишга мўлжалланган “Ишонч телефони” йўлга қўйилди.

24 ёшли Гулшода Жўраева бошидан кўп қийинчиликларни кечирган. Ота-онаси ўзаро келишмовчилик сабабли ажрашиб кетган. Онаси бир нафар ўғлини турмуш ўртоғига ташлаб, қизи Гулшодани ўзи билан олиб, Фарғона шаҳрида ижарада яшаган. Тақдирни қарангки, 2009 йилда она вафот этади. Шундан сўнг Г.Жўраева Фарғона шаҳрида бир ўзи яшаган. 2015 йилда Олтиариқ тумани Повулғон қишлоғида яшовчи Сайфиддин исмли шахсга шаръий никоҳ орқали турмушга чиқиб, 2017 йилда ўғил фарзандли бўлади. Фарзандини ўз хоҳишига кўра болалар уйига топширган ва жорий йилнинг март ойидан бошлаб Фарғона шаҳрида ижарада яшаб, ёлланма иш фаолияти билан шуғулланиб келган. 2018 йил 16 июль куни вилоят ИИБ томонидан яшаш жойи бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказига олиб келинган.

Тошлоқ тумани хотин-қизлар қўмитаси Г.Жўраевага тиббий, психологик, моддий ёрдам кўрсатди. Унинг бандлигини таъминлаш ҳамда яшаш жой билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш масаласи ҳам назоратга олинди.

– Шундай кунларда менга далда бўлиб, қўллаб-қувватлаган инсонлардан миннатдорман, – дейди Гулшода. – Начора, бошимда шундай синовлар ҳам бор экан. Янги ташкил этилган марказ яқиндан ёрдам бермоқда.

Ҳа, Гулшода каби оғир шароитга тушиб қолганларга кўмак кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар бугун янада кенг қулоч ёймоқда.

М.Сулаймонов, ЎзА