ЎзА Ўзбек

01.06.2020 Чоп этиш версияси

Гулистонлик пиллакорлар – зафар маррасида

Гулистонлик пиллакорлар – зафар маррасида

Гулистон тумани пиллакорлари Сирдарё вилоятида биринчи бўлиб давлатга 87 тоннадан ортиқ сифатли хом ашё топшириб, амалдаги режани ортиғи билан бажарди.

«Эришилган ғалабанинг асосий сабаби Муҳтарам Президентимиз томонидан пиллакорлар учун яратилаётиб берилган шарт-шароит, ғамхўрлик ва эътибор натижаси туфайлидир», дейилади вилоят ҳокими номига туман ҳокими томонидан йўлланган зафарномада.

Жорий мавсум давомида туман бўйича 1 минг 120 та хонадонда ипак қурти парваришланиб 952 нафар фаол аёллар мавсумий меҳнат билан банд бўлди. Ҳар бир пиллакорга 1 йиллик меҳнат стажи ёзилиб, туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ижтимоий муҳтож оилаларга моддий ёрдам сифатида қўшимча ҳар бир қутисига 700 минг сўмдан иш ҳақи тўланди.

Туманнинг «кумуш тола» хирмонини барпо этишда «Орол неъматлари», «Лобар орзуси», «Абдуназар ота туҳфаси» каби фермер хўжаликлари пиллакорларининг меҳнатлари алоҳида таҳсинга лойиқ. Тумандаги Янги ҳаёт, Пахтаобод, Саховат, Нурли йўл, Боёвут, Боғишамол, Ўзбекистон сув истеъмолчилари уюшмалари фермерлари алоҳида ўрнак кўрсатиб, туманда биринчилардан бўлиб шартнома режаларини ортиғи билан бажарди.

– Ипак қуртини парваришлаш жараёнида пиллакорларга жами 50 тонна ун, 4,2 тонна ўсимлик ёғи ва 1 миллиард 210 миллион сўм иш ҳақи ўз вақтида нақд пулда тарқатилди, – дейди туман ҳокими Ш.Ғафуров. – Туманимиз пиллакорлари ҳали қимматбаҳо хом ашё топшириш ишларини давом эттирмоқда. Мавсум якунига қадар, гулистонлик қимматбаҳо ипак толаси ижодкорлари яна, қўшимча равишда 1,2 тонна пилла топшириш ниятида эканини маълум қилиш, мен учун қувончлидир.

Шу билан бирга ғалла ўрим-йиғимини уюшқоқлик билан ўтказиб, ғўза парваришидаги барча агротехник тадбирларни ўз муддатида ва сифатли олиб бораяпмиз. Ғалла ва пахта ишлаб чиқаришдаги ўз олдимизга қўйган режаларни ҳам ортиғи билан бажариб, эл-юрт олдида юзимиз ёруғ бўлишига ишончим комил.

2 442
А.ҚАЮМОВ, ЎзА