Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.06.2018 13:26 Чоп этиш версияси

Гулистонлик болажонларга байрам туҳфаси

Гулистонлик болажонларга байрам туҳфаси
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб “Янги аср кичкинтойлари” нодавлат мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. 

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда мактабгача таълим муассасадарини тубдан ислоҳ қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги муассасалар ташкил этиш ва болалар қамровини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар келтираётгани таъкидланди. 

Гулистон шаҳри “Навбаҳор” маҳалласида 60 ўринга мўлжалланган “Янги аср кичкинтойлари” номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлади. Ушбу муассасада таълим-тарбия жараёнига замонавий дастур ва технологияларни татбиқ этиш, болажонларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар томонлама соғлом ва билимдон этиб тарбиялаш учун барча шароит яратилган. 

Гулистон шаҳридаги 19 давлат, 3 нодавлат мактабгача таълим муассасаларида 4 минг 846 нафар кичкинтойлар тарбияланмоқда.

Янги нодавлат мактабгача таълим муассасасининг ташкил этилиши билан 14 нафар мутахассис доимий иш ўрнига эга бўлди. 

– Оиламиз билан янги уйга кўчганимиздан сўнг аввалги хонадонимиз қаровсиз ҳолатга келиб қолганди, – дейди “Янги авлод кичкинтойлари” нодавлат МТМ мудираси Сурайё Шарипова. – Дадамга шу эски уйимизни реконструкция қилиб, уй-боғчага айлантириш таклифини бердим. Онам ва акам мени қўллаб-қувватлади. Натижада лойиҳа қиймати 1 миллиард 300 миллион сўмлик ажойиб, мўъжазгина мактабгача таълим муассасаси бунёд этилди.

Айни чоғда ушбу масканда ўзбек, рус, тожик, татар ва бошқа миллат вакилларининг 30 нафар фарзандлари камол топмоқда.

Президентимизнинг фармонига кўра жорий йил охирига қадар Гулистон шаҳрида яна 10 дан ортиқ нодавлат мактабгача таълим муассасалари фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

А.Қаюмов, ЎзА
9 994