ЎзА Ўзбек

26.07.2018 12:36 Чоп этиш версияси

Гулистонда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 26 нафар масъул шахс жаримага тортилди

Гулистонда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 26 нафар масъул шахс жаримага тортилди
Ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган муаммоли ҳолатдаги 22 та бинонинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди, 70 та носоз газ ва электр ускунасидан фойдаланиш тақиқланди.

Жорий йилнинг ўтган 6 ойи якунига кўра, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бўлими томонидан ҳокимлик, фавқулодда вазиятлар бўлими вакиллари билан ҳамкорликда вилоят марказидаги 110 та корхона, ташкилот, муассаса ва маҳалла фуқаролар йиғинида 145 марта “Ёнғин профилактикаси” тадбири ўтказилди.

Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Гулистон шаҳрида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

6 ойлик якунига кўра, 2 минг 116 та аҳоли хонадони, 47 та давлат тасарруфидаги ташкилот ва 46 та тадбиркорлик субъектида “Ёнғин профилактикаси” тадбирлари доирасида ташкилот ва аҳоли хонадонларининг ҳолати ўрганилди. Фуқароларга зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди. Аниқланган камчиликларни мутасадди раҳбарлар билан бирга имкон қадар жойида бартараф этиш чоралари кўрилиб, ёзма равишда, аниқ муддати белгиланиб, тегишли мутасаддиларга етказилди.

Шаҳар марказида ўтказиб келинаётган “Ёнғин профилактикаси” давомида хавфсизлик қоидалари бузилган 405 та хонадонда камчиликлар аниқланиб, уларнинг 316 таси жойида бартараф этилди.

Оддий эътиборсизлик оқибатида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 26 нафар масъул шахсга нисбатан 3 миллион 703 минг 160 сўм миқдорида жарима чоралари қўлланилиб, давлат ҳисобига ундирилди. Ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган муаммоли ҳолатдаги 22 та бинонинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди, 70 та носоз газ ва электр ускунасидан фойдаланиш тақиқланди.

– Мақсадимиз шаҳримизни ёнғиндан холи ҳудудга айлантириш, – дейди Гулистон шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи майор, Асрор Газиходжаев. – Олиб борилган текширув ва ўрганишлар натижалари бўйича ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган ёки давлат ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмаларини бажармаётган мансабдор шахслар ва фуқароларга нисбатан мутасадди идораларга 49 та тақдимнома ва 18 та ахборотномалар киритилди.

Профилактика тадбирлари натижасида шаҳардаги аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа ташкилотларда ёнғин билан боғлиқ нохуш ҳолатлар содир бўлмаслиги, шаҳримизни ёнғиндан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида барча зарур чора-тадбирларни амалга ошириш йўлида ходимлардан Нозимбек Маматқулов, Ғиёс Бойниёзов, Раҳим Ашуров, Шерзод Раҳимбердиев, Абдурауф Эсонов, Содиқжон Турдимуродовлар астойдил меҳнат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

А.Қаюмов, ЎзА
3 972