ЎзА Ўзбек

12.09.2019 Чоп этиш версияси

Грузия ташқи ишлар вазири Ўзбeкистонда

Грузия ташқи ишлар вазири Ўзбeкистонда

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 11 сентабрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Грузия ташқи ишлар вазири Давид Залкалиани билан учрашди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари икки мамлакат тарихидаги муҳим сана – Ўзбекистон ва Грузия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан бир-бирларини табриклади.

Мулоқот чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Вазирлар икки томонлама ҳамкорлик институтлари фаолиятини ва турли шакллардаги алоқаларни фаоллаштириш зарурлигини қайд этди. Таъкидланганидек, қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар ва ишбилармон доираларнинг ташаббуслари билан жорий йилнинг 7 ойида ташқи савдо айланмаси 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 80 фоиздан зиёд ўсишига эришилди.

16 июлдан Ташкент ва Тбилиси шаҳарлари ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилгани икки мамлакат тадбиркорлари алоқаларини фаоллаштириш, туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда илмий-техник ва маданий-гуманитар алмашинувларни ривожлантиришга янги имконият яратди.

Учрашувда долзарб халқаро масалалар, жумладан, БМТ ва бошқа ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.

3 512
ЎзА