ЎзА Ўзбек

11.02.2019 17:55 Чоп этиш версияси

Грег Жентковски: “МАГАТЭ хавфсизлик талаблари жаҳоннинг энг илғор тажрибаларига таянади”

Грег Жентковски: “МАГАТЭ хавфсизлик талаблари жаҳоннинг энг илғор тажрибаларига таянади”

Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги (МАГАТЭ) миссияси атомдан тинчлик мақсадларида фойдаланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Энди Ўзбекистон ҳам уларнинг қаторига қўшилмоқда.

Жорий йилнинг 4-6 февраль кунлари Тошкентда ўтказилган семинарда МАГАТЭ экспертларига бошчилик қилган Ядровий қурилмалар хавфсизлиги бўлими директори Грег Жентковски билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

– МАГАТЭнинг Ўзбекистондаги янги ядро-энергетик дастурни қўллаб-қувватлашдан мақсади нима?

– Атом энергияси бўйича халқаро агентлигига аъзо давлатларни қўллаб-қувватлашдан асосий мақсадимиз атом энергетикасини ривожлантириш дастурининг хавфсиз ва ишончли бўлишига кўмаклашишдир.

– АЭС қурилиши учун майдон танлашда МАГАТЭ учун нималар асосий мезон ҳисобланади? Ўзбекистоннинг иқлим шароитлари туфайли нималарга эътибор қаратиш зарур?

– Айни чоғда мамлакатингиз ҳудудида АЭС қуриш учун мақбул келадиган майдонни танлаш масаласи турибди. Бунда асосан хавфсизлик ва унинг атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш зарур. Шу боис, атроф-муҳит ва экологик жиҳатларни ҳисобга олиш асосий мезонлардан бири. Лойиҳанинг хавфсиз бўлишини таъминлаш ҳам яна бир муҳим талаб. Бироқ Ўзбекистон иқлими ҳам ўзига хосдир. Масалан, Канадани олайлик, ушбу мамлакатнинг об-ҳавоси жуда ўзгарувчан. Шунга қарамасдан, бу давлат ҳудудида 20 реакторга эга АЭСлар мавжуд. Ишончим комилки, реактор конструкциясини Ўзбекистонда прогноз қилинаётган иқлим шароитларига мос равишда танлашимиз мумкин.

– АЭС қурилиши бўйича лойиҳани ишлаб чиқишда Ўзбекистон учун нима муҳим ҳисобланади?

– Ўзбекистон учун бу ўринда хориж мамлакатларининг ижобий тажрибаси умумлашган халқаро талабларга амал қилиш муҳимдир. Тўғри, давлатингиз бу борада халқаро талабларга амал қилишни режалаштирмоқда, бу эса лойиҳангиз ишончлилиги ва хавфсизлигини таъминлайди.

– АЭС қурилиши лойиҳасининг ҳар бир босқичида риоя қилиниши лозим бўлган хавфсизлик талаблари нимага асосланган?

– АЭС қурилишида ташқи муҳит таъсири, реакторнинг дизайн параметрларини тўғри аниқлаш фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишда муҳим саналади. Шуларга асосан МАГАТЭнинг хавфсизлик стандартлари жаҳоннинг энг илғор тажрибаларига таянган ҳолда ишлаб чиқилган. Бу эса лойиҳани амалга оширишда хавфсиз ва мустаҳкам асосдир.

Шу мақсадда семинар давомида АЭС учун майдон танлашда эътиборли жиҳатлар борасидаги тажрибамиз билан ўртоқлашдик. Халқаро амалиёт ва тажрибага асосланган хавфсизликнинг юқори даражасини ифодаловчи МАГАТЭ хавфсизлиги талаблари бўйича маълумотлар берилди.

“Ўзатом” агентлиги матбуот хизмати​​

ЎзА