ЎзА Ўзбек

06.07.2019 15:52 Чоп этиш версияси

“GM Uzbekistan”нинг 2018 йилдаги соф фойдаси қанча бўлгани айтилди

“GM Uzbekistan”нинг 2018 йилдаги соф фойдаси қанча бўлгани айтилди

“Ўзавтосаноат” АК ҳамда “UzAuto Motors” АЖ томонидан ОАВ ходимлари учун ташкил этилган медиа-тур ҳақида хабар бергандик.

Сафар давомида ОАВ ходимлари UzSangvu, Avtooyna, Uz-Chasys, Uz-Koji, UzDongVon ҳамда UzAuto Motors заводларида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Медиа-тур якунида UzAuto Motors заводида “Ўзавтосаноат” АК ва “UzAuto Motors” АЖ раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани ташкил қилинди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 26 июнь куни жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан яқиндан танишиш мақсадида Андижон вилоятига қилган сафари чоғида Ўзбекистон автомобилсозлик саноати, хусусан ўша вақтдаги “GM Uzbekistan” заводининг фаолиятини кескин танқид қилган эди.

Хўш, ўтган давр мобайнида заводда қандай ижобий ўзгаришлар амалга оширилди?

Бугунги кунда UzAuto Motors заводи иқтисодий зарар билан ишлаётган корхонадан фойда келтираётган заводга айландими?

ЎзА мухбирининг ушбу саволларига “UzAuto Motors” АЖ бош директори в.в.б. Рустам Ражабов шундай изоҳ берди.

- Президентимизнинг ўшандаги танқидлари жуда ўринли эди. Дарҳақиқат, ўша пайтларда заводимиз иқтисодий жиҳатдан зарар билан ишлаётганди. Хўш, иқтисодий жиҳатдан зарар келтираётган завод кимга керак? Бунга асосий хорижий мижозларимиз бўлмиш Россия, Украина, қолаверса Қозоғистонда “GM Uzbekistan” маҳсулотларига талабнинг кескин даражада пасайиб кетганини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. 2014 йилда заводда 245 мингдан зиёд (бу ҳозирча заводнинг йиллик рекорди, - муаллиф) автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, 2015-2016 йилларда бу кўрсаткич кескин даражада пасайиб кетди. Аммо, давлатимиз раҳбарининг танқидларидан сўнг бир қатор ишлар амалга оширилди.

Маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар таннархини туширишга эришдик. Натижада ҳар бир автомобилнинг ўртача таннархи 1 500 долларга қадар арзонлашди. Автомобилларнинг сотиш тизимидаги порахўрликка барҳам берилди. Натижада заводимиз ўтган 2018 йилни 1 триллион 375 миллион сўмлик фойда билан якунлади. Бугунги кунда UzAuto Motors заводининг рентабеллик даражаси 15 фоизга чиқди. Раҳбариятимизнинг рухсати билан ишчи-ходимларимизнинг маоши 1,5 бараварга оширилди. Ҳозир ишчиларимизга ўртача 2,5-4 миллион сўм атрофида маош тўланмоқда. Қолаверса, ишлаб чиқариш жараёнига бонус тизимини жорий қилдик. Энди ҳар чоракда бажарилган иш ва олинган фойда ҳисоб-китоб қилиниб, ишчиларнинг маошига фоиз кўринишида устамалар қўшиб берилади.

Шунингдек, медиа-тур доирасида яқин кунларда юртдошларимизнинг “UzAuto Motors” заводига саёҳатлари ҳам ташкил этилиши ҳақида маълум қилинди.

- Раҳбариятга юртимиз аҳолисининг заводимизга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида “Очиқ эшиклар куни”ни ташкил этиш юзасидан таклиф билан мурожаат қилдик ва улар бу ғояни маъқуллашди. Хизмат сафари билан Германияда бўлган чоғимда тўлов асосида машҳур BMW автоконцернига саёҳат қилгандим. Ўша саёҳатдан бир олам таассуротлар билан қайтганман. “Очиқ эшиклар куни”да қатнашиш истагида бўлган юртдошларимиз ва меҳмонлар бизга мурожаат қилиб, рўйхатга ёзилади.

Албатта, “Очиқ эшиклар куни”да қатнашиш тўлов асосида бўлади, аммо бу катта суммани ташкил қилмайди. Шунчаки саёҳатга келган меҳмонларга рамзий маънодаги совға-саломга етгулик маблағ тўланади. “Очиқ эшиклар куни”ни ташкил этишдан мақсад – иқтисодий фойда олиш эмас, балки юртдошларимиз орасида заводимиз фаолиятини кенг тарғиб қилишдан иборат, - дейди “UzAuto Motors” АЖ бош директори в.в.б. Рустам Ражабов.

Таъкидлаш жоиз, “Очиқ эшиклар куни” тадбири сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали завод манзили томон йўлланаётган турли бўҳтонлар, яъни UzAuto Motors заводида автомобиллар фақат йиғилиши, барча эҳтиёт қисмлари тайёр ҳолда четдан келтирилиши, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати талаб даражасида эмаслиги борасидаги гап-сўзларга муносиб жавоб бўлади.

Отабек ЭШМАМАТОВ,
Тошкент-Асака-Тошкент

ЎзА
20 808