ЎзА Ўзбек

25.06.2019 16:50 Чоп этиш версияси

GM UZBEKISTAN диллери Чирчиқда ёниб кетган янги “Кобалт” учун компенсация тўлайди

GM UZBEKISTAN диллери Чирчиқда ёниб кетган янги “Кобалт” учун компенсация тўлайди

“Қибрай авто-мото сервисʼʼ МЧЖ сотган автомобил мавжуд техник носозлик туфайли ёниб кетди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри мутасаддиларига навбатдаги ариза келиб тушди.

4010c210-f55f-4989-8d88-7ec07962fbf9.jpg

Чирчиқ шаҳрида яшовчи И.М. 2017 йил 9 ноябрь куни Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган “Қибрай авто-мото сервисʼʼ МЧЖдан юртимизда ишлаб чиқарилган “Кобалт” автомобили учун 83865970 сўм тўлов қилади. 2017 йил 26 декабрда автомобиль шартномага мувофиқ истеъмолчига топширилади.

Аризачи И.Мнинг мурожаатида қайд этилишича, шундан сўнг турмуш ўртоғи бошқарувида бўлган автомобиль бор йўғи 2199 км. юрган холос. Турмуш ўртоғи хорижга ишлаш учун кетганидан сўнг оила аъзоларининг бирортасида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмагани сабабли автомашина бошқа ҳаракатда бўлмаган. Фақатгина автомашинанинг аккумулятори ўтириб қолмаслиги учун вақти-вақти билан мошина ўн-ўн беш дақиқа турган жойида қиздириб турилган.

2018 йил 22 сентябрь куни автомашина турган жойида ёниб кетган. Воқеа жойига етиб келган ёнғин хавфсизлик хизматининг хулосалари ва экспертиза хулосасининг натижаларига кўра, автомобилдаги мавжуд электр симларидаги носозлик туфайли ёнғин келиб чиққан. Истеъмолчи бу ҳақда “Қибрай авто-мото сервисʼʼ МЧЖга маълум қилган, бироқ жамият маъмурияти носоз автомобиль сотганликларини тан олишмаган.

e685fc92-bc5a-40d1-a0da-368978e63bac.jpg

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг аралашуви билан масала қайтадан ўрганиб чиқилди. Натижада суд “Қибрай авто-мото сервисʼʼ МЧЖ нозоз автомашина сотгани учун истеъмолчига 97497380 миқдорида компенсация​ ҳамда 3899896 сўм давлат божи ундириш ҳақида қарор чиқарди. Шу тариқа истеъмолчининг қонуний манфаати ҳимоя қилинди.

ЎзА
6 630