Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида нутқ сўзлади. Унда мамлакатимиз раҳбари бир қатор долзарб ташаббусларни билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясида нутқ сўзлади. Унда мамлакатимиз раҳбари бир қатор долзарб ташаббусларни билдирди.
Жумладан, Президентимиз томонидан камбағалликни қисқартириш ва унга қарши курашиш масаласини БМТнинг навбатдаги сессияси асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш, шунингдек, ушбу мавзуда Глобал саммитни ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси, шубҳасиз, жаҳон ҳамжамияти олдида турган йирик муаммолардан бирига самарали ечим топишга қаратилган. Айниқса, 6 ойдан буён давом этаётган пандемия ушбу муаммони янада долзарблаштирди.
Жаҳон ҳамжамияти томонидан амалга оширилаётган ишлар
БМТнинг маълумотларига кўра, Ер юзида 700 млн. дан ортиқ одам қашшоқликда кун кечиради. Камбағалликнинг юқори даражаси асосан турли низолар мавжуд бўлган мамлакатларга тўғри келади.
Камбағаллик ва қашшоқликка қарши курашиш БМТ кун тартибидаги асосий масалалардан ҳисобланади. Бу борада ташкилот томонидан бир қатор муҳим ишлар амалга оширилган.
Хусусан, 1992 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 47/196 резолюцияси асосида 17 октябрь — Халқаро қашшоқликка барҳам бериш куни сифатида белгиланган.
Тегишли резолюциялар асосида 1997-2006 йй., 2008-2017 йй. ва 2018-2027 йй. БМТнинг қашшоқликка қарши курашиш ўн йилликлари сифатида белгиланди.
Камбағаллик ва қашшоқликка қарши курашиш ташкилотнинг Мингйиллик декларацияси (2000 й.), Аддис-Абеба Ҳаракатлар дастури (2015 й.) ва 2030 йилгача бўлган барқарор ривожланиш (2015 й.) каби ҳужжатларда ўз аксини топган. Шу билан бирга, Мингйиллик ривожланиш мақсадларининг 1-бандида ўта қашшоқликка қарши кураш вазифаси белгиланган.
Ушбу ҳужжатларда, жумладан, ҳар бир давлат миллий ва глобал миқёсда камбағалликка қарши курашиш соҳасида зарур шарт-шароитларни яратиш, гендер тенглигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя чораларини кўриш ва бошқа қатор масалалар бўйича зарур чораларни амалга ошириши белгилаб қўйилган.
Шу ўринда камбағалликни аниқлаш даражаси, унинг ўлчовлари хусусида тўхталиш жоиз. Бу борада халқаро ташкилотлар томонидан тегишли ёндашув ва мезонлар ишлаб чиқилган. Хусусан, Жаҳон банки томонидан камбағалликни аниқлашда мезон сифатида кунлик даромади 1,9 АҚШ долларини ташкил қиладиган аҳоли тоифалари киритилади. Бу камбағаллик чизиғи сифатида белгиланган.
Камбағалликка қарши курашиш бўйича Европа ташкилоти (EAPN) инсонларни камбағалликка олиб келувчи бир нечта муҳим омилларни кўрсатади. Жумладан, ишсизлик, таълимнинг паст даражаси, ногиронлик, тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти ва ҳ.зо. Мутахассислар фикрича, ушбу барча ҳолатлар камбағалликка қарши курашишда эътиборга олиниши лозим.
Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчукнинг фикрича, Марказий Осиёда қашшоқликнинг қисқариши соҳасида муайян ўсиш кузатилмоқда. Шу билан биргаликда, халқаро мутахассис, ушбу жараёнда барқарор ва инклюзив ўсишни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар минтақа давлатларининг устувор вазифалардан бири бўлиши лозим, деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон амалиёти
Ш.Мирзиёев ўзининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида шундай деган эди: камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир.
Шунингдек, мамлакатимиз раҳбари ушбу Мурожаатномада камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Асосийси, мамлакатимизда камбағалликка қарши курашишда илғор хорижий тажриба, халқаро меъёрлар, аниқ мезонлар ва баҳолаш усулларига асосланган янги методология яратиш лозимлиги таъкидланди. Бошқача айтганда, ушбу жараён илмий асосланган ва амалий характерга эга бўлса кутилган натижани беради.
Президент Ш.Мирзиёев таъбирича, “халқимизга балиқ тутишни ўргатишимиз, қармоқ беришимиз лозим”.
Бугунги кунда ўтган 3 йил давомида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар, жумладан, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар камбағалликка қарши курашишда муҳим пойдевор вазифасини ўтамоқда.
Хусусан, ҳукумат таркибида Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Жойларда вертикал тарзда тадбиркорлик муҳитини яратиш ва ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича масъул лавозимлар жорий этилди.
Шу билан бирга, камбағалликни қисқартириш бўйича хорижий давлатлар тажрибаси ва соҳанинг йирик мутахассисларнинг тадқиқотлари мунтазам ўрганилмоқда. Ушбу ўрганишлар асосида Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича яқин истиқболга мўлжалланган дастур ва концепция ишлаб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2030 йилгача камбағалликни қисқартириш бўйича стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Ушбу омилларнинг барчаси Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш соҳасида институционал ва тизимли ёндашув қўлланаётганини билдиради.
Албатта, бугун мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар бу борадаги дастлабки қадамлар ҳисобланади. Бу борада ижтимоий, иқтисодий, маърифий-маданий соҳаларнинг ҳамкорликдаги фаолияти ҳамда амалга оширилаётган ишларнинг шаффофлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ҳар бир инсон фаровон ва бахтли яшашга ҳақли. Инсонларни яхши яшашга интилгани учун айблаб бўлмайди. Айни вақтда, камбағаллик домига тушиб қолган ҳар бир фуқародан ҳам ўз ҳаётини ўзгартиришга бўлган кучли хоҳиш, янгиланишлардан қўрқмаслик ва доимо олдинга интилиш талаб этилади. Зеро, қарс икки қўлдан чиқади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг камбағалликка қарши кураш борасидаги халқаро доирадаги ушбу ташаббуси, шубҳасиз, ўзининг долзарблиги ва айни вақтида билдирилгани билан диққатга сазовордир. Зеро, Ер юзида пандемия давом этаётган мураккаб шароитда масаланинг бундай қўйилиши барча давлатлар учун муҳимдир.
Шу билан бирга, ушбу ташаббус БМТ ва унга аъзо-давлатлар томонидан пандемия шароитида вужудга келган янги таҳдидларни инобатга олган ҳолда мазкур масалага ёндашувни стратегик жиҳатдан қайта кўриб чиқишни тақозо этиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Шубҳасиз, мамлакатимиз раҳбарининг ушбу ташаббуси Ўзбекистоннинг халқаро доирадаги муҳим стратегик қадамларидан бири сифатида тарихда қолади.
Аброр ЮСУПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим раҳбари