ЎзА Ўзбек

25.01.2019 Чоп этиш версияси

Гиёҳванд моддалар контрабандасига чек қўйилди

Гиёҳванд моддалар контрабандасига чек қўйилди

Мамлакатимизда гиёҳванд моддалар контрабандаси ва савдосига қарши қатъий кураш олиб борилмоқда. Жумладан, Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир чоғида Тожикистон Республикасидан мамлакатимизга айланма йўллар орқали жуда кўп миқдорда гиёҳвандлик моддасини олиб киришга уринган шахс қўлга олинди.

1993 йилда туғилган Ҳабилов Абдуқодир Абдураҳим ўғли 30 дона целлофан пакетга ўралган, жами оғирлиги 23 килограмм 333 грамм бўлган “опий” моддасини тожикистонлик Ҳожи исмли шахсдан олиб, унинг Ўзбекистондаги жиноий шерикларига етказиш учун Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳудудига олиб кирган вақтда ушланди. Аниқланишича, Сариосиё туманининг Боғи Самарқанд маҳалласида яшовчи ушбу шахс 2017 йилда ўғрилик жинояти содир этгани учун жазога тортилиб, айни пайтда ахлоқ тузатиш жазосини ўтаётган бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ДХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан Абдуқодир Ҳабиловга нисбатан Жиноят Кодексининг 246- ва 273- моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.​​

2 286
ЎзА