Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.06.2018 16:58 Чоп этиш версияси

Гиёҳли шарбат ёки газли сув: қайсини танлайсиз?

Гиёҳли шарбат ёки газли сув: қайсини танлайсиз?
Ҳаво ҳароратининг юқорилиб кетиши, инсоннинг сувга бўлган эҳтиёжини оширади. Кўчадаги ёшларнинг чанқоқни қондириш учун қўлида турли хилдаги газли ичимликларни олиб юрганини кўрамиз. 

Дўконларда ҳам бундай ширин газли ичимликлар харидоргир ҳисобланади. Аслида уни фойдаси борми? Зараричи?

Унинг фойда-зарарини ҳисоблашни ҳар кимнинг ўзига ҳавола этган ҳолда сизга таклиф бермоқчимиз. Агар маъқул келса, истеъмол қилиб кўринг. 

Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино ҳақидаги ривоятларда буюк табибнинг гиёҳлар билан тиллашгани, табиатдаги барча ўт-ўланлар унга ўз сирларини очгани айтилади, Бу бежиз эмас. Зеро, ота-боболаримиз қадимдан турли хасталикларга давони табиатдан излашган, гиёҳларнинг шифобахш хусусиятлари, фойдали ва зарарли жиҳатларини ўрганиб, улардан кундалик ҳаётда унумли фойдаланишган. Ўсимликлар биз учун ҳам озиқ, ҳам шифо манбаи. Фақат уларнинг хусусиятини пухта ўрганиш ва шунга кўра тўғри фойдаланиш кифоя. 

― Одам-табиатнинг бир бўлаги. Қолаверса, шифобахш малҳамлар инсон танасига тез сингиб, тузалишига ёрдам беради,-дейди Сергели туманида яшовчи Феруза Сатторова.- Ўзимдан қиёс: ошқозоности бези касаллиги тез-тез безовта қилиб турарди. Турли кимёвий дориларни ичдим, уколлар олдим. Улар вақтинчалик таъсир қилиб, кейин яна оғриқлар бошланарди. Шифокор тавсияси билан доимий равишда наъматак, далачой каби шифобахш неъматларни истеъмол қилдим. Шукрки, бу дамламалар ижобий самара берди. Кейинги йилларда шаҳримиз дорихоналарида “фитобар” бурчаги ташкил этиш оммалашди. Бундай доривор гиёҳлардан фойдаланиш барча оилавий поликлиникаларда ҳам йўлга қўйилган. Фитобарлар орқали аҳолига етказилиши мажбурий бўлган доривор гиёҳлар рўйхатдан наъматак, лимонўт, тоғрайҳон, дўлана ва қора қорағат кабилар жой олган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиий гиёҳлардан тайёрланган дамламалар иммунитетни кучайтиради, турли касалликларнинг асоратларини йўқотади, соғлиқни тез тиклашга ёрдам беради. Қолаверса, кимёвий дори воситаларидан фарқли ўлароқ безарар. Мисол учун, лимон ўт – нафас ва юрак қон томир тизими, жигар фаолиятига ижобий таъсир этиб, овқат ҳазм бўлишини яхшилайди. Наъматакнинг 300 граммини 3 литр сувда 1 соат давомида қайнатиб, қайнатма қулоққа томизилса, қулоқ оғришига ва шанғиллашида яхши натижа беради. Иммунитетнинг кўтарилишига яхши ёрдам беради. 

- Наъматак, ўрик шарбатининг бир нечта касалликларга даво бўлишини кўпчилик билади, - дейди олий тоифали шифокор Фотима Маҳмудова. – Ёки далачой ўсимлигининг хусусиятларига эътибор қаратсангиз, гиёҳларнинг фойдали жиҳатлари кўплигига амин бўласиз. Бу гиёҳ яра тўқималарини тез битирувчи таъсирга эга бўлиб, тиббиётда меъда-ичак, оғиз бўшлиғи касалликларида ва II, III даражали куйишни даволашда ишлатилади. Демак, кундалик турмушда ҳам доимий равишда гиёҳли дамлама ва чойларни истеъмол қилиш соғлиқ учун фақат фойдали.

Қачондир юртимиз тадбиркорлари халқимиз учун ана шундай салқин ичимликлар ишлаб чиқаришни бошлар. Балки, ана шунда соғлиқ учун кони зарар экани бот-бот такрорланаётган газли ичимликлардан воз кечармиз. Агар шундай бўлса, ҳар жиҳатдан ютуққа эришган бўлардик, назаримда.

ЎзА
4 836