ЎзА Ўзбек

08.08.2018 12:08 Чоп этиш версияси

Гиннеснинг рекордлар китобига кирган компания Ўзбекистонда

Гиннеснинг рекордлар китобига кирган компания Ўзбекистонда

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Сангинов Хитой Халқ Республикасининг йирик “SANY Heavy Industry Northwest Co.,LTD“ корпорацияси президенти Сян Вэнбо билан учрашди.

Қайд этиш жоизки, Хитойдаги мазкур компания ўз фаолиятини 1989 йилда бошлаб, ҳозирда йирик қурилиш техникаларини ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчи ҳисобланади. Бетон билан ишлашга мўлжалланган ускуналар, экскаваторлар, гусеницали кранлар, ўзи юрар кранлар, қозиқоёқлар қоқиш учун машиналар, йўл-қурилиш техникаси, шамол турбиналарининг бир неча тури шулар сирасидандир. Айни вақтда у Хитойда бешта индустриал паркка, АҚШ, Германия, Ҳиндистон ва Бразилияда тадқиқотчилик ва ишлаб чиқариш базасига эга бўлган глобал корпорация ҳамдир.

Ҳозирда бу компания 150 дан ортиқ мамлакатга қурилиш техникаларини етказиб бермоқда. Энг қизиғи, “SANY Group” 2007 ва 2009-йилларда 66 метр ва 77 метр баландликдаги бетон насослар ишлаб чиқаришдаги муваффақияти учун Гиннеснинг рекордлар китобига икки маротаба кирган.

– Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида иштирок этишдан қувончимиз чексиз, – дейди “SANY Heavy Industry Northwest Co.,LTD“ корпорацияси президенти Сян Вэнбо. – Бугунги икки томонлама дўстона ҳамкорлик учрашувида ҳудудлардаги қурилиш ишлари учун яна кўпроқ замонавий техникалар етказиб беришга келишиб олдик.

Учрашувда ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

ЎзА
8 912