ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

Гидроксихлорохиннинг беморларга тавсия қилинишидан ким манфаатдор?

Гидроксихлорохиннинг беморларга тавсия қилинишидан ким манфаатдор?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Лазиз Тўйчиев гидроксихлорохин таблеткаси нега беморларга тавсия этилаётгани ҳақида маълумот берди.

– Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Туркиянинг соғлиқни сақлаш вазири билан музокара ўтказди. Келишувга кўра, Туркия соғлиқни сақлаш вазирининг ҳисоботи бизга тақдим этилди. Бундан ташқари, гуманитар ёрдам сифатида бир нечта дори воситаларини Ўзбекистонга беғараз етказиб беришга келишиб олинди. Шу жумладан, гидроксихлорохин препаратини ҳам мамлакатимизга юборилиши бўйича келишилди.

Ижтимоий тармоқларда бир нечта дори воситаларига жуда кўп урғу берилмоқда. Туркия давлатида соғлиқни сақлаш тизими яхши ривожланган. Шу нуқтаи назардан уларнинг тавсияларига эътибор қаратамиз. Туркларнинг тавсияларига кўра, беморларга амбулатор ҳолатда гидроксихлорохин берилмоқда. Шифохоналарда ҳам бу таблеткадан кенг фойдаланилган. Шу билан бирга, пневмония ҳолатларида ҳам мазкур таблетка тавсия этилмоқда ва бу ўзининг самарасини бермоқда. Бугунги кунда Туркия танлаб олган даволаш сиёсати ўзини мутлақо оқламоқда. Уларда касалланиш ҳолати кескин камайган.

АҚШ веб-сайтидан олинган маълумотга аҳамият берадиган бўлсак, Коста-рика, Жанубий Корея, Исроил, Чили, Туркия ва Россия Федерациясида коронавирусни даволашда гидроксихлорохин қўлланилмоқда. Бельгия, Франция, Италия, Англияда бу дори воситаси қўлланилмаяпти, шунинг учун уларда ўлим кўрсатгичи анча юқори.

ЖССТ тавсияларига жуда катта урғу берилмоқда. Охирги маълумотлардан бирида «коронавирусни даволашда гидроксихлорохиндан шифокор назоратида ишлатилиши тавсия этилади», деган тавсия берилган. Бунга асосан биз коронавирус инфекциясини даволаш бўйича олтинчи қўлланмани ишлаб чиқдик.

Бу препарат нафақат ўпканинг иммунитетини, балки қон томирлари, бириктирувчи тўқималарни ҳам мустаҳкамлайди, натижада коронавирусга йўл бермайди. Коронавируснинг енгил формасида бу препаратни, албатта, қабул қилиш керак.

Бу препарат тўғрисида кўплаб муносабатлар билдирилмоқда. Ўз ўзимизга савол беришимиз керак, бундан манфаатдор ким? Ҳозирги кунгача ишлатилган ушбу препарат ва уни аналоглари Ҳиндистон, Польша ёки келажакда Туркиядан келадиган бўлса, бу тўлиқ гуманитар ёрдам ҳисобланади. Бу ерда ҳеч қанақа бирор бир молиявий манфаат йўқ. Бу беморлар аҳволини яхшилашга, яъни коронавируснинг енгил ҳолати оғирлашмаслиги учун ушбу дори воситалари тақдим этилмоқда. Демак, бундан манфаатдор бемордир. Олдимизга манфаатдор бемор – манфаатдор фуқаро, деган мақсад қўйиб олтинчи қўлланмани тайёрладик.

4 004
ЎзА