Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.04.2017 14:26 Чоп этиш версияси

Германиялик шифокорлар Наманганда бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказди

Наманганда Германия Федератив Республикасидан келган бир гуруҳ тажрибали шифокорлар бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом ва маънан етук авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида илғор хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик амалиётларига ҳам кенг ўрин берилиб, истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ўртасида тузилган ҳамкорлик келишувига асосан айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган тиббий кўриклар фикримизнинг ёрқин далилидир. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, немис шифокорлари туғма юрак нуқсони бор, ногирон бемор болалар саломатлигини тиклашга амалий ёрдам кўрсатмоқда. Айни пайтда 35 бемор бола Германия клиникаларида соғломлаштирилмоқда.

Наманган вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида ташкил этилган тиббий кўрик ҳам бу борадаги ишларнинг узвий давомидир. Тадбирда германиялик малакали мутахассислар алоҳида тиббий ёрдамга муҳтож болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Тиббий кўрик натижасига кўра, туғма ногирон ва бемор болалар тезкор даволаш учун саралаб олинди. Ҳаракат таянч тизимининг туғма ирсий касалликлари, жароҳат асоратлари, овқат ҳазм қилиш тизимида туғма нуқсони бор ва бошқа касалликлар бўйича жарроҳлик амалиётига эҳтиёж сезаётган кам таъминланган оилалар фарзандлари алоҳида кўрикка жалб қилинди.

– Ўзбекистон аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доимий эътибор қаратиб, бу борада салмоқли ютуқларга эришаётган давлатлардан биридир, – дейди Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти директори ўринбосари Кевин Дахлбрук. – Шу боис узоқ истиқболга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик биз учун ҳам мақсадга мувофиқ. Ушбу келишувимиз ижобий самаралар бераётганидан мамнунмиз. Келгусида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорлигимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.

Тиббий кўрик давомида бир гуруҳ болаларни мамлакатимиз шифохоналарида соғломлаштириш учун тавсиялар берилди.

– Бугунги тиббий кўрикка набирамни олиб келгандик, уни даволаш бўйича зарур маслаҳатлар олдик, – дейди тўрақўрғонлик Саноатхон Шарипова. – Кексалар, хотин-қизлар, болалар саломатлиги йўлида улкан ғамхўрликлар кўрсатаётган Президентимиздан миннатдормиз.

Тиббий кўрик давомида хорижлик шифокорлар томонидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди, бир гуруҳ беморларга бепул дори-дармон тарқатилди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
1 574






Все о погоде - Pogoda.uz