ЎзА Ўзбек

31.07.2018 16:54 Чоп этиш версияси

Германиялик деҳқонлар 1 миллиард еврога тенг ҳосил йўқотди

Германиялик деҳқонлар 1 миллиард еврога тенг ҳосил йўқотди
Сўнгги ойларда кузатилган жазирама туфайли Европа далаларида асосан бошоқли ва ёғ олинадиган экинлар зарар кўрган. 

Германия фермерлари ҳисоб-китобига кўра, ноқулай об-ҳаво шароитида йўқотилган ҳосилни қоплаш учун 1 миллиард еврога тенг маблағ лозим. 

Булар ҳақида маълум қилган “Euronews” телеканали германиялик фермер Холгер Лампенинг сўзларини келтириб ўтади: 

"Сиз кўриб турган экин майдонидаги ҳосилнинг катта қисми нобуд бўлган, қолгани ҳам яхши аҳволда эмас...бу ерда ўтган йилда ҳосил чўғи кўнгилдагидек эди. Ҳа, ёғингарчилик бўлмас экан, табиат енгилади, буни тан олишимиз керак....” 

Телеканалнинг аниқлик киритишича, апрель ойидан буён Германиянинг баъзи ҳудудларида ёғингарчилик умуман кузатилмаган. Сўнгги вақтлардаги ҳаво ҳарорати 30 даража иссиқдан тушмаётир. Келаётган пайшанбада айрим жойларда ҳаво ҳарорати 39 даража иссиқни ташкил этиши мумкин. 

“Ўтган йилда экин майдонларимиздаги ҳосил ўртадан паст даражани ташкил қилган эди. Бу йилги натижа ундан ҳам ёмон, ҳатто мамлакатнинг Шимоли-Шарқий ҳудудлари 50-70 фоизгача зарар кўрди... Гап миллиардлаб евро ҳақида кетмоқда” , деган телеканалнинг яна бир суҳбатдоши, Германия фермерлар ассоциацияси раҳбари Йоахим Руквид. 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
2 849