ЎзА Ўзбек

14.08.2019 18:43 Чоп этиш версияси

Германия ишбилармонлари иштирокидаги кооперацион биржа

Германия ишбилармонлари иштирокидаги кооперацион биржа

Тошкентда 14 август куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари, Германия Федератив Республикаси Рейнланд-Пфальц федерал ўлкаси ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз турли ҳудудларидан 50 га яқин бизнес доиралар, Германиянинг дунёга машҳур компаниялари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимиз иқтисодиётининг ижобий динамикага эга экани таъкидланди. Германия делегацияси аъзолари Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, хорижий сармоядорлар учун зарур шароит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.

Ўзбекистонда Германия капитали иштирокида 160 дан ортиқ корхона фаолият юритади. Шундан 42 таси тўлиқ чет эл капитали иштирокида иш юритади. 2019 йилнинг биринчи чорагида икки томонлама савдо айланмаси ҳажми 137 миллион доллардан ортиқни ташкил этди.

Транспорт, телекоммуникация, туризм, тўқимачилик, ип-калава, газлама, дуккакли ўсимликлар, мева-сабзавот ва кимё маҳсулотлари экспортга йўналтирилмоқда. Ўз навбатида, электр жиҳозлари, фармацевтика, кимёвий маҳсулотлар, турли хизматлар, маиший хўжалик моллари, косметика ва гигиена воситалари импорт қилиняпти.

Кооперацион биржада қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш, кўприклар, туннеллар, автомагистралларда мониторинг тизимини жорий этиш, “ақлли шаҳар“ лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

– Ўзбекистонда бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитдан немис компаниялари ҳам унумли фойдаланиш истагида, – дейди Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Александр Шпаак. – Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Германиянинг Рейнланд-Пфальц федерал ўлкаси иқтисодиёт вазирлиги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотлар якуни бўйича юртингизда узумчиликни ривожлантириш, янги навлар етиштириш, ҳосилни қайта ишлашга оид ҳамкорликка эришиш бўйича келишиб олдик. Бугунги тадбир эса мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янги йўналишлар ҳисобига кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашдик.

Тадбирда қурилиш, тиббиёт, фармацевтика соҳаси ускуналарини ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштириш бўйича таклифлар ўрганилди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,ЎзА
5 574