ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Герб – давлатнинг тарихий ўзлиги тимсоли

Герб – давлатнинг тарихий ўзлиги тимсоли
2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун

Давлатчиликнинг таркибий қисми бу давлат рамзларидир. Давлат рамзлари сирасига одатда байроқ, герб ва мадҳия киритилади. Ушбу рамзлар ўзида тарихий, маданий, миллий маълумотлар ва қадриятларни акс эттиради. Шу билан бирга улар давлатчиликнинг рамзлари сифатида гавдаланади.

Давлат рамзлари ичида герблар тарихий жиҳатдан қадимийроқ ҳисобланади. Герб бирон бир мамлакат ёки ҳудуднинг сиёсий ва тарихий ҳарактердаги ғоялари мажмуасини, ўзига хос табиий ва хўжалик хусусиятларини, табақавий тафовутларини, шахс, уруғ ва бошқаларнинг шажараларини ифодаловчи алоҳида рамзий белгидир. Ўз навбатида эса герблар давлатлар, уларнинг алоҳида қисмлари, шаҳарлар, сулолалар ва алоҳида шахсларга тегишли бўлиши мумкин.

Гербларни ўрганувчи фан геральдикадир.

Геральдика махсус тарихий фан бўлиб, у маълум бир қоидалар асосида тузиладиган рамзий белгилар – гербларни ва улар ҳақидаги маълумотларни ўрганади. Тарихий тадқиқотларда геральдика методларини қўллаш аввало, манбаларнинг санасини аниқлаш, уларнинг у ёки бу даврга оидлигини кўрсатиш учун хизмат қилади. Шунингдек, геральдика воситасида у ёки бу манбанинг тегишлилигини, қаерда ва ким томонидан яратилганлигини, қолаверса қандай аҳамиятга эга эканлигини аниқлаш мумкин. Бунда бевосита манбада акс эттирилган гербнинг мавжудлиги бош омил ҳисобланади. Герб билан боғлиқ ҳолда тарихий манбаларни ўрганиш, тадқиқ ва улар орқали маълум бир даврнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий аҳволини очиб бериш, ҳукмдорлар, сулолалар, шахслар воқеаларни даврлаштириш мумкин. Бу бевосита давлатчилик тарихини ўрганиш учун хизмат қилади.

Герб Антик даврларда пайдо бўлган. Шумер давлатининг гербида шер бошли бургут, Қадимги Рим давлати гербида бургут тасвирланган. Амир Темур давлатининг гербида 3 ҳалқа тасвири туширилган. Бу тасвирлар Амри Темурнинг 3 иқлимда яъни шимол, жануб ва ғарбда ҳукмрон эканига ишора бўлган.

Ўрта асрларда кўпгина шаҳарлар ўз гербига эга бўлган. Венеция гербида қанотли шер тасвир этилган. Ғарбий Европада герблар уруғ меросхўрлик белгилари сифатида салб юришлари даври (XI-XII асрлар)да юзага келган. Кейинчалик байроқлар қоғоз пуллар, муҳрлар, қоғозларда гербларнинг тасвири туширила бошланди.

Юқорида келтириб ўтилган тарихий ҳақиқатлар давлатчилик тарихида гербларнинг тутган ўрни нақадар беқиёс эканлигини англаб етиш мумкин.

Шунинг учун ҳам мустақилликка эришганимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимиз мустақиллигини янада мустақиллигини таъминлаш, дунё ҳамжамиятида алоҳида эътирофга сазовор бўлиш мақсадида ўз давлат рамзларимизни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 1992 йил 2 июль куни «Ўзбекистон Республикасининг давлат герби тўғрисида»ги қонун қабул қилинди ҳамда тарихимизни, миллий анъана ва қадриятларимизни, мақсадларимизни ўзида мужассам этган, бугун барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайдиган давлат гербимиз пайдо бўлди.

Менинг назаримда гербимизни шунчаки мамлакат мустақиллиги рамзи сифатида гавдаланадиган бир тасвир сифатида тасаввур қилиш тўғри бўлмайди. Ушбу рамзимизни ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар ватанпарварлик, масъулият рамзи сифатида қарашлари лозимдир. Чунки гербимизда бугунги доруломон кунларимиз, тинч ва фаровон ҳаёт учун ўз жонларини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас қонлари, улкан меҳнатлари, азоб уқубатлари мужассамдир.

Шунинг учун ҳам ҳар бир ёш авлод гербимизга қараганда ватанимиз мустақиллиги, тинчлиги учун, дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига қўшилиши, ватанимизнинг шуну-шавкати учун интеллектуал салоҳиятини юксалтириш учун бор куч-ғайратларини сафарбар этишларини қалбан ҳис қилишлари лозим. Ана шундагина гербимизга, шу орқали тарихимизга ҳақиқий ҳурматимизни намоён этган бўламиз!

Ойбек ЎРОЗАЛИЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти бўлим бошлиғи.



2 585
ЎзА