ЎзА Ўзбек

12.07.2019 Чоп этиш версияси

Геология ва минерал-хомашё базани ривожлантириш учун соҳага замонавий технологиялар жалб қилиниши лозим

Геология ва минерал-хомашё базани ривожлантириш учун соҳага замонавий технологиялар жалб қилиниши лозим


Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ер ости бойликлари умуммиллий бойлик ҳисобланиб, улар жамиятимизнинг иқтисодий негизларидан биридир.

Хусусан, бугунги кунда республикамиз ҳудудида 73 та фойдали қазилма турлари бўйича 2086 та кон мавжуд бўлиб, булардан 437 таси саноатда ўзлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур соҳада Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ер қаърини геологик ўрганиш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш, шунингдек, кончилик муносабатларини бошқариш борасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Ҳозирги вақтда соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасининг асосий қисми янгиланиб, бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия бериш хизматини электрон тарзда кўрсатиш амалиётига ўтиш бўйича илк қадамлар ташланди ва натижада қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини лицензиялаш “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали ўтказиладиган танлов йўли билан амалга оширилиши йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, соҳани янада ривожлантириш нуқтаи назаридан Адлия вазирлиги Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан ҳамкорликда геология ва минерал-хомашё базани ривожлантиришни жадаллаштириш юзасидан ўрганиш ўтказилди.

Геология соҳаси моҳиятан ер ости бойликларини қидириш, уларни аниқлаш, шунингдек минерал-хомашё базани шакллантириш, ушбу бойликлар ҳисобини юритиш ва қазиб олишдан иборат.

Жумладан, ер ости бойликларини қидириш ишларини қўмитанинг “Қизилқумгеология” ДК, “Самарқандгеология” ДК, “Ҳисоргеология” ДК, “Тошкентгеология” ДК ва “Ураннодирметаллгеология” ДКлари амалга ошириб келмоқда.

Ер ости бойликларини геология-қидириш жараёни ўта машаққатли 
ва кўп вақт талаб қиладиган жараён бўлиб, ҳозирда мазкур жараённи тартибга солишда фойдаланилаётган ҳужжатлар ўтган асрнинг 90-йилларида ишлаб чиқилган бўлиб, унда замонавий технологиялар ва иш услубларини қўллаш назарда тутилмаганлиги сабабли, ҳозирги замон талабларига мос келмай қолмоқда.

Оқибатда, ер қаърини ўрганиш ва геологик хариталаш ишларининг ўртача муддати 3-5 йилни ташкил этишига, мазкур ишларни амалга оширишда 4-5 та геологлар доимий изланишлар олиб боришига олиб келмоқда.

Мисол учун, хорижий давлатлар – Австралия, Буюк Британия, Хитой ва Туркия тажрибаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, уларда геологик қидирув ишларини олиб боришда илғор ахборот-технологиялардан, жумладан Geobank mobile, Geobank, Micromine software, Pitram каби ахборот дастурлари ва дала планшетларидан фойдаланилади.

Бундан ташқари, геологик қидирув ишларида аниқланган ер ости бойликлари захираларини юритишнинг жорий тартиби дунёнинг 90 фоиз мамлакатлари фойдаланиб келаётган Жорк (Jorс) тизимида олиб борилмаётганлиги оқибатида соҳага тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилишга сезиларли даражада тўсқинлик қилмоқда.

Қайд этиш жоизки, мазкур масалалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 1 июль куни геология соҳасини янада ривожлантириш, геологик қидирув ва қазиб олишни кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилишида ҳам танқидга олинган ҳамда соҳани ривожини янги босқичга кўтариш мақсадида тегишли топшириқлар берилган.

Шу билан бирга, соҳага инвестицияларни кенг жалб қилишга солиқ ставкалари, имзоланадиган бонус миқдорининг юқорилиги (энг кам ойлик иш ҳақининг 10 000 бараваригача) ҳам салбий таъсир этмай қолмаяпти.

Масалан, юртимизда ер қаъридан фойдаланганда солиқ ставкалари олтин ва кумуш учун 25 фоиз мис учун 15 фоиз, уран учун 10 фоиз, вольфрам учун 10,4 фоизни ташкил этади.

Таққослаш учун, дунё бўйича ўрта ҳисобда ер қаъридан фойдаланганда олтин учун 4,6 фоиз, кумуш учун 4,2 фоиз, мис учун 4,5 фоиз, уран учун 
5 фоиз, вольфрам учун 2,4 фоизни ташкил этади холос.

photo5276515912280812465.jpg

Шу билан бир қаторда, ўрганишлар давомида геология-қидирув ишлари ва ер ости бойликларини қазиб олишда тадбиркорлик субъектларига рухсатнома-лицензия бериш жараёнида ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам талайгина эканлигини кўрсатмоқда.

Мисол учун, соҳада автоматлаштирилган электрон давлат хизматларининг тўлиқ жорий этилмаганлиги оқибатида, тадбиркорлик субъектларидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиб олиш, улар томонидан рухсатнома-лицензия олиш учун берилган аризаларининг ўз вақтида кўриб чиқилмаётганлиги, конлар учун ер участкалари асоссиз равишда маҳаллий давлат ҳокимияти томонидан берилмаётганлиги каби оворагарчиликларга олиб келишига сабаб бўлмоқда.

Давлат геология қўмитаси томонидан жорий йилнинг 15 апрелидан жисмоний ва юридик шахсларга сочма олтин конларидан тадбиркорлик таваккалчилиги асосида қимматбаҳо металларни носаноат усулда қазиб олиш учун лицензиялар расмийлаштириб берилмоқда.

Бугунги кунда “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасига жойлаштирилган 70 дан ортиқ ер қаъри участкаларининг 42 таси реализация қилинган ва лицензиялар расмийлаштирилган. Бироқ, ўрганиш якунланган кунга қадар ажратилган ер қаъри участкаларнинг бирортасида қазиб олиш ишлари бошланмаган.

Ўрганишларда, шунингдек геология соҳасида алоҳида ўрин тутувчи Ҳ.М. Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти фаолияти кўриб чиқилганида, мазкур институтга етарли эътибор қаратилмаётганлиги кузатилди.

Хусусан, институтнинг маъмурий биноси 1968 йилда қурилган бўлиб, бинонинг 80 фоиз эскирган ва талаб даражасига жавоб бермаслиги, дала ишларида ишлатиладиган махсус техника, геофизик ва геологик ускуналарнинг 70 фоиздан ортиғи маънан ва жисмонан эскирганлиги, шунингдек, лабораторияда таҳлил қилиш учун мавжуд бўлган электрон зонд микроанализатор, масс-спектрометр, микроскоп ва бошқа жиҳозларнинг 75 фоиз ўз хизмат вазифасини ўтаб бўлганлиги ачинарли ҳолат.

Юқорида қайд этилган тизимли камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан геология соҳасини янада такомиллаштириш, ушбу соҳада давлат хизматларини кўрсатиш жараёнини такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:

- соҳани тартибга солувчи ички ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, уларни ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солиш;

- геология-қидирув ишларини олиб бориш ҳужжатларни халқаро стандартлар, шу жумладан, самарадорликни оширишга қаратилган мослашувчан тартибларни жорий этиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш;

- ер қаърини регионал ўрганиш ва геологик хариталаш ишларини амалга оширишда ахборот дастурлари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, моддий-техник база ва молиялаштиришни янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаш;

- стратегик металларнинг асосий турларига роялти ва бир марталик тўловлар ставкаларини пасайтириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш;

- Ҳ.М. Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти фаолиятини ривожлантириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш;

- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кон жойлашган ҳудуддаги ер участкасини ажратиб бериш тўғрисида қарор қабул қилиш тартибини соддалаштириш ва кон ажратмаси далолатномасини расмийлаштириш жараёни билан уйғунлаштириш.

Адлия вазирлиги 

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.


10 017
ЎзА