Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.08.2017 18:24 Чоп этиш версияси

Геодезия ва картография тизими ривожланмоқда

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан “Геодезия ва картография мустақиллик йилларида” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Давлат кадастрлари геодезия ва картография миллий маркази директори И.Эргашев ва бошқалар мамлакатимизда мустақиллик йилларида геодезия ва картография соҳасида тизимли ўзгаришлар рўй бергани, қўл меҳнати жараёнлари ўрнига электрон тахеометрлар, юқори аниқликдаги GPS ўлчов асбоблари ҳамда замонавий компьютер дастурлари амалиётга кенг татбиқ этилганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 майдаги «Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, “Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.

Айни пайтда учувчисиз учиш аппаратларидан картографик материалларни янгилаш ва қишлоқ хўжалигида экинларни мониторинг қилиш ишларини амалга оширишда фойдаланилмоқда. Замонавий рақамли аэрофотокамера ёрдамида юқори аниқликдаги рақамли топографик карталар яратилган. Юқори аниқликдаги рақамли космик тасвирга олиш материаллари ёрдамида миллий географик ахборот тизимини яратиш учун 2017-2018 йилларда муҳим картографик асос яратилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, қўмита томонидан мукаммал хариталарни график, рақамли, фотографик ва бошқа шаклларда яратиш, янгилаб туриш ҳамда нашр қилиш ишлари изчил амалга оширилаётир.

Умумий географик, сиёсий-маъмурий, илмий-ахборот берадиган ҳамда бошқа тармоқлараро аҳамиятга молик тематик хариталар ва атласлар, ўқув-картография қўлланмаларини тузиш ҳамда нашр қилиш ишлари ҳам жадал давом эттирилмоқда.

– Қўмитамиз томонидан ана шу йўналишда икки юздан зиёд турда тематик хариталар ва атласлар, ўқув-картография қўлланмалари, картографик маҳсулотлар чоп этилгани бунинг ёрқин исботидир, – дейди “Картография” давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонаси бош муҳандиси Ориф Ибрагимов. – Шунингдек, таълим муассасалари учун атласлар ҳамда контур хариталар, мамлакатимиз, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг умумий географик ҳамда сиёсий-маъмурий хариталари ҳам яратилди. Юртимизнинг диққатга сазовор қадамжолари, тарихий ва маданий ёдгорликлар, бошқа қизиқарли объектлар тасвирланган сайёҳлик хариталари ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр қилинмоқда.

Матбуот анжуманида журналистлар саволларига мутахассислар жавоб қайтарди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
1 579






Все о погоде - Pogoda.uz