ЎзА Ўзбек

23.01.2020 Чоп этиш версияси

Гендер тенгсизлик ўз жонига қасд қилишга олиб келади..ми?

Гендер тенгсизлик ўз жонига қасд қилишга олиб келади..ми?

Эркак ва аёллар тенглиги ғоясини илк бор файласуф Антифонт ўз асарларида тилга олиб, табиат барчани: аёлларни ҳам, эркакларни ҳам тенг қилиб яратади, лекин одамлар инсонларни тенгсиз ҳолатга солувчи қонунларни ишлаб чиқди, деган фикрни келтирган экан.

Бир ўйлаб кўрайлик, хотин-қизларни ҳарбий хизматга чақирмаслик уларнинг ҳуқуқларини камситишми? Оилада бирор бир юмушга кўмаклашган эркакнинг ҳуқуқи камситилган саналадими? Қайси ҳолларда аёлларга имтиёз берилиши керак, қайси ҳолатда эркакларга? Бу каби охири кўринмайдиган саволларга аниқ ва лўнда жавоб топиш осон эмас, албатта.

Ушбу муносабатларни тартибга солиш учун гендер тенглик тўғрисидаги қонунга эҳтиёж борлиги равшанлашиб қолгани боис Ўзбекистонда 2019 йилнинг 23 августида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунни Сенат маъқуллади.

72ae37c9-e8c2-4667-9407-ef542a8a3cee.jpg

Айни вақтда халқ орасида “гендер тенглик қонуни” дейилаётган ушбу муҳим ҳужжат, унинг аҳамияти ҳақида турли учрашувлар ўтказилмоқда. USAID нинг журналистлар учун Ўзбекистондаги суд ислоҳоти (ЖРУП) дастури “Гендер тенглиги ва оиладаги зўравонликнинг олдини олиш учун ҳуқуқий асослар” мавзусидаги тренинги шулар сирасидандир.

Тренингнинг асосий мақсади — жамиятимиздаги зўравонлик ва гендер тенгсизлиги масалалари бўйича оммавий ахборот воситаларида ишлайдиган журналистларнинг билим ва кўникмаларини кенгайтириш.

– Бир фуқаро у аёл ёки эркак бўлсин, иш ўрнида гендер камситишга дучор бўлди, – дейди USAIDнинг гендер ва ижтимоий масалалар бўйича мутахассиси Малика Инакова. – Шунда у ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб кимга, қайси ташкилотга мурожаат қилиши керак? Кадрлар бўлимигами? Бу унинг ваколатига кирмайди. Судми? Узоқ ва серхаражат жараён. Бунда ОАВ мурожаат қилиш анча самарали ва қулай бўлиб, улар давлат ва халқ ўртасидаги воситачи сифатида бу масалани ечимини тезроқ топишга кўмак бера олади.

Кўпчиликда Конституциямизда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги мустаҳкамлаб қўйилган бўлса, яна алоҳида қонун қабул қилишга қандай эҳтиёж бор эди? деган фикр пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас. Тўғри, Бош қомусимиз ҳуқуқларни жамлайди ва кафолатлайди. Аммо, уларни амалга ошириш тизими ва ҳимоялаш механизмларини қонунларда батафсил баён этишга доим эҳтиёж бор. Шу маънода гендер тенглик тўғрисидаги қонун жинслараро тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш, бу борадаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.

– Биз оилада ва жамиятда гендер тенглик борасидаги муаммоларга тез-тез дуч келамиз, – дейди “Бухоро ёшлари” газетаси бош муҳаррири Лайло Ҳайитова. – Тўғрисини айтиш керакки, кўп ҳолатларда оиладаги зўравонлик ҳақида жуда юзаки ёзамиз. Мисол учун, қайнона-келин, қайнота-келин, эр-хотин, ота-фарзанд орасидаги гендер адолатсизлик сабаб оилада жиноятлар юз бераётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Кўп ҳолларда бундай тенгсизлик, зўравонлик ўз жонига ёки ўзга бир жонга қасд қилишга олиб келишини англаб етдик. Мазкур тренингда журналист сифатида бу ҳолатда қандай баҳо бериш, ечим топиш, зўравонлик қурбони ва тажовузкор билан қандай тартибда, эҳтиёткорлик билан суҳбатлашиш ва маълумот йиғиш борасида тушунчаларга эга бўлдим.

Тренинг давомида Сенатда маъқулланган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг ҳар бир моддаси ва унинг аҳамияти ҳақида тушунтиришлар берилди.

2 348
Сайёра ШОЕВА, Ёқуб МЕЛИБОЕВ (сурат), ЎзА